Pink Floyd етакчисининг гитараси рекорда нархда сотилди

Маданият-санъат

image

Pink Floyd гуруҳи етакчиси Дэвид Гилморнинг гитараси 14,55 миллион долларга сотилди. Бу орқали эса у аукционларда сотилган дунёдаги энг қиммат гитара бўлди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Савдо жорий йилнинг 12 март куни Christie’s аукцион уйи томонидан онлайн форматда ўтказилган. Кимошди савдоси 21 дақиқа давом этган. Christie’s маълумотларига кўра, Гилмор қора рангдаги Fender Stratocaster’ни 1970 йилда Манхэттен марказидаги Manny’s Music дўконидан сотиб олган. Унинг корпуси тирналган, бўёқлари эса кўчган.

Гитара Pink Floyd’нинг олтита альбомини ёзишда, шунингдек, 1972 йилдан 1983 йилгача бўлган кўплаб чиқишларда ишлатилган. Уни “The Dark Side of the Moon” (1973), “Wish You Were Here” (1975), “Animals” (1977), “The Wall” (1979), “The Final Cut” (1983) ва “The Endless River” (2014) альбомларида эшитиш мумкин.

Илгари ушбу гитара ўтган йили вафот этган миллиардер Жим Ирси коллекциясида эди. Ирси чолғу асбобини 2019 йилда 5 миллион доллардан бироз қимматроққа сотиб олган.

NYT ёзишича, бунга қадар аукционда сотилган энг қиммат гитара Nirvana гуруҳи асосчиси Курт Кобейнга тегишли Martin D-18Е ҳисобланар эди. У 2020 йилда 6,01 миллион долларга сотиб олинган. Кобейн ушбу гитарада ўлимидан бир неча ой олдин MTV Unplugged кўрсатувида чиққанида чалган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ уйғониш даври рассоми ва ҳайкалтароши Микеланжело Буонарротининг (1475-1564) картинаси Christie’s кимошди савдосида 27,2 миллион долларга сотилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

аукцион Дэвид Гилмор Pink Floyd

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг