Песков Украинадаги Россия қўшинининг асосий вазифасини айтди
Олам
−
28 Февраль 2022
16141Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишига қараганда рус қўшинларининг Украинадаги асосий вазифаси тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Россиялик ҳарбийлар бунинг учун ҳамма нарсани қилмоқда.
“Тинч аҳолига келсак, Россия ҳарбийларининг асосий вазифаси тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат ва рус ҳарбийлари бунинг учун ҳамма нарсани қилмоқда”, деган Песков журналистларга.
Унга кўра, Украина “миллатчи”лари тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда.
“Йигитларимиз, ҳарбийларимиз эса бунинг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда”, дея бонг урган Кремль вакили.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Украина Песковнинг таъбири билан айтганда асосий вазифаси тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўлган рус армияси мамлакатга бостириб кириб, 350 дан ортиқ тинч аҳоли вакилининг ўлимига сабаб бўлганини маълум қилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси