Футбол клуби 1000 та ҳомийни жамоа формасига сиғдирди
Спорт
−
12:38 526 1 дақиқа
Перунинг “Депортиво Мунисипаль” клуби молиявий муаммоларни енгиш мақсадида 1000 та ҳомий билан шартнома имзолади ва уларни клуб формасига сиғдирди. Бу ҳақда “Lions Daily News” нашри хабар берди.
Клуб эркаклар жамоасининг учинчи дивизиондаги иштироки, аёллар жамоасининг иккинчи дивизиондаги фаолияти ҳамда футбол академиясини ривожлантириш учун маблағ йиғиш мақсадида янги реклама лойиҳасини ишга туширди.
Ташаббусга кўра, футболканинг одатдаги йирик реклама жойлари ўрнига унинг юзаси 1000 та кичик реклама майдонига бўлинди. Ушбу жойларни маҳаллий компаниялар, кичик тадбиркорлар ва ҳатто оддий мухлислар ҳам сотиб олиш имконига эга бўлди. Реклама жойларининг нархи 25 евродан 150 еврогача белгиланди.
Эвазига ҳомийлар клубнинг ижтимоий тармоқларида реклама қилиш, чипталар ва расмий маҳсулотларга чегирмалардан фойдаланиш, шунингдек, ўз бизнесини футболчилар орқали тарғиб қилиш имкониятини қўлга киритди.
Натижада клуб қисқа вақт ичида 1000 нафар ҳомийни жалб қилди. Барча реклама жойлари 3 ой давомида тўлиқ сотилди. Йиғилган маблағ эса клубнинг бир йиллик харажатларини тўлиқ қоплашга етарли бўлди.
Лойиҳа McCann Lima агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, 2026 йил ёзида реклама ва креатив маркетинг соҳасидаги дунёдаги энг нуфузли танловлардан бири – Cannes Lions 2026 фестивалида бош совринни қўлга киритди.
Live
Барчаси