Пелосини кутиб: Хитой Тайвань бўғозида ҳарбий машғулотлар бошлади

Олам 11064
image

Хитой Халқ озодлик армияси Тайвань оролининг бўғози бўйлаб жойлашган шарқий Фуцзянь провинцияси қирғоқларида ҳарбий машғулотларни бошлади. Бу ҳақда Пинтань шаҳар округи денгиз хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.

Агентлик огоҳлантириш эълон қилди, унга кўра маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 21:00 гача (Тошкент вақти билан 05:00-18:00) ушбу ҳудудда кемаларнинг жонли ўқ отиладиган маневрлари ўтказилади, шунинг учун барча кемаларга сув зонасига кириш тақиқланди.

Бундан ташқари, кечадан бери Халқ озодлик армияси жанубий Гуандун провинциясини Хайнан оролидан ажратиб турувчи Цюнчжоу бўғозининг ғарбий қисмида, шунингдек, Гуандун оролининг жануби-шарқидаги, Даваньшань оролининг жануби-шарқидаги, қирғоқдан жанубда жойлашган акваторияда машғулотлар ўтказмоқда.

Маневрлар Халқ озодлик армиясининг 95 йиллигини нишонлаш, шунингдек, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга эҳтимолий ташрифи олдидан ўтказилмоқда.

Бир кун олдин Пелоси Осиё бўйлаб турнега чиқди. Сафари давомида у Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Сингапурга ташриф буюради. Унинг Тайванга бориш ниятида экани хабар қилинганди, бироқ спикернинг ўзи хавфсизлик талабларини ҳисобга олиб, бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Пелоси чиққан самолёт Гаваяга қўнган.

Вашингтон ва Пекин муносабатларидаги Тайвань масаласи Украинадаги вазият фонида алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Хитой тарихий ва сиёсий сабабларга кўра Қўшма Штатлардан унинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилмоқда. Вашингтон “ягона Хитой тамойили”га расман риоя қилиб, Тайпей билан дипломатик алоқаларга эга эмас. Бироқ шунга қарамай нафақат орол билан алоқаларни сақлаб қолган, балки у ерга мунтазам равишда қурол етказиб беради.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган. 

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 172
Рейтинг: 3
t
×