Патрушев ҳам МДҲ давлатларини АҚШга қарши қайради

Олам

image

Ҳозирги шароитда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар разведка маълумотлари алмашинувини, жумладан, Афғонистон бўйича умумий позицияни ишлаб чиқиш учун ҳам кучайтириши керак. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев бугун, 30 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтаётган МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари раҳбарларининг йиғилишида айтиб ўтди. 

“Ҳозирги шароитда МДҲ, КХШТ ва ШҲТ доирасида Афғонистон йўналиши бўйича ягона мувофиқлаштирилган чизиқни ишлаб чиқиш учун разведка маълумотлари алмашинувини фаоллаштириш зарур”, дейди у. 

Патрушев Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) аллақачон “самарали ҳуқуқий воситалар”га ва ноқонуний миграция, терроризм ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш каби мавзуларда амалий ҳамкорлик бўйича яхши тажрибага эга эканлигини эслатди. 

“Россия аввалгидек терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз МДҲга аъзо барча давлатларни 2023 йилда ШҲТга аъзо давлатлар ва МДҲга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари томонидан қўшма аксилтеррор машғулотларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишда фаол иштирок этишга чақирамиз”, дейди Патрушев.

Хавфсизликка таҳдид

Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши котиби Вашингтон ҳанузгача Афғонистонга қўшни давлатлар билан террорчиликка қарши операциялар ўтказиш баҳонасида гўёки вақтинчалик инфратузилма яратиш бўйича келишувга эришишга уринаётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Москва август ойида АҚШ бошчилигида Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Мўғулистон ва Покистон ҳарбий хизматчилари иштирокида Тожикистонда ўтказиладиган “Минтақавий ҳамкорлик-2022” машғулотларига шу нуқтаи назардан қарайди. 

“Америкаликларга бундай тадбирлар, биринчи навбатда, потенциал операциялар театрини ўрганиш, истиқболли нишонлар координаталарини аниқлаштириш ва юқори аниқликдаги қуроллар учун рақамли хариталарни созлаш учун керак”, дея огоҳлантирди у. 

Шу нуқтаи назардан, Патрушев ўтган йили ШҲТ саммитида ҳамда Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ ва КХШТ давлатлари раҳбарларининг қўшма йиғилишида Афғонистондан чиқарилган АҚШ ва НАТО давлатларининг ҳарбий контингентларини ушбу давлатлар ҳудудига жойлаштирмаслик бўйича келишувга эришилганини эслатди. 

“Бу Марказий Осиёда барқарорлик манфаатлари йўлида қабул қилинган муҳим қарор бўлди. Умид қиламанки, МДҲга аъзо барча давлатлар Американинг бу ташаббуслари бизнинг хавфсизлигимиз учун қанчалик катта хавф туғдираётганини тушунади”, дейди у ҳамкасбларига.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 30 сентябрь куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари раҳбарлари билан мулоқот қилиб, Марказий Осиё давлатларини АҚШнинг инқилоб режаларидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Николай Патрушев

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг