Пашинян Трамп ва Алиев билан учрашувдан сўнг Путинга сим қоқди
Олам
−
11 Август 7764 2 дақиқа
Бугун, 11 август куни Россия Президенти Владимир Путин Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Арманистон ҳукумати раҳбари Оқ уйда АҚШ ва Озарбайжон Президентлари Дональд Трамп ва Илҳом Алиев билан учрашуви ҳақида сўзлаб берган.
“Владимир Путин Ереван ва Баку ўртасида барқарор тинчликни таъминлашга ҳисса қўшадиган қадамлар муҳимлигини таъкидлади. Россия томони 2020-2022 йилларга мўлжалланган энг юқори даражадаги машҳур уч томонлама келишувларга мувофиқ, Арманистон-Озарбайжон муносабатларини ҳар томонлама нормаллаштиришга, жумладан, транспорт алоқалари блокировкасини олиб ташлашга кўмаклашишга тайёр”, дейилади Кремль баёнотида.
Путин Пашинянга АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан суҳбатнинг асосий натижалари ва Трамп билан Аляскадаги учрашувга тайёргарлик ҳақида гапирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин келаси жума куни АҚШнинг Аляска штатида учрашиб, Украинадаги уруш келажагини муҳокама қилади. Трамп 15 август куни бўлиб ўтган йиғилишни ижтимоий тармоқларда эълон қилди ва кейинроқ буни Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлади. Пашинян инқирозни “тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган” қадамларни олқишлади.
Шунингдек, Россия ва Арманистон ўртасидаги савдо ва сармоявий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Озарбайжон ва Арманистон 8 август куни АҚШ воситачилигида Қўшма Штатлар Президенти Дональд Трамп билан учрашув чоғида кўп йиллик можаролардан сўнг икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантирувчи ва уларни ўзаро муносабатларни тўлиқ нормаллаштиришга олиб келадиган тинчлик битимини имзолаганди. Трампнинг айтишича, икки давлат урушни тўхтатиш, дипломатик муносабатларни очиш ва бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш мажбуриятини олган. Ўзбекистон Трамп воситачилигидаги Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокараларида муҳим натижага эришилганини олқишлади. Учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Трампни Тинчлик учун Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатиш ниятида эканини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 10 август куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Улар Озарбайжоннинг SOCAR компаниясининг Украинадаги нефть базасига Россия ҳаво кучларининг зарбаларини қоралади. Шу билан бирга, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун мамлакат Энергетика вазирлигига 2 миллион доллар ажратиш ҳақидаги фармонни имзолади.