Алиев Россияни Озарбайжон энергетика объектларига ҳужум қилишда айблади
Олам
−
11 Август 2025 16207 2 дақиқа
Кеча, 10 август куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Улар Озарбайжоннинг SOCAR компаниясининг Украинадаги нефть базасига Россия ҳаво кучларининг зарбаларини қоралади. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Телефон мулоқоти чоғида томонлар Россиянинг Озарбайжоннинг SOCAR компаниясининг нефть базаси ва Украина ҳудудидаги мамлакатимизнинг бошқа объектлари, шунингдек, Озарбайжон газини Украинага олиб ўтаётган газ-компрессор станциясига нишонга олган авиазарбаларини қораладилар ва бу ҳеч қандай ҳолатда Озарбайжон ва Украина ўртасидаги энергетика соҳасидаги ҳамкорликни тўхтатиб қўймаслигига ишонч билдирди”, дейилади хабарда.
Зеленский ҳам ушбу суҳбат ҳақидаги хабарида Озарбайжонни Россиянинг Украина энергетика иншоотларига зарбалари ҳақида хабардор қилганини эслатиб ўтди.
“Украина буни Россиянинг бизга ва бошқа Европа мамлакатларига энергетика мустақиллигини кафолатлайдиган энергия йўлларини тўсиб қўйишга қаратилган мақсадли уриниши деб ҳисоблайди”, дея қўшимча қилди у.
Бундан ташқари, Украина Президенти Алиевни АҚШ Президенти Дональд Трамп ёрдамида эришилган Баку ва Ереван ўртасидаги келишувлар билан табриклади.
6 августга ўтар кечаси Россия Одесса вилоятида, Украина-Руминия чегараси яқинида жойлашган Украина газ компрессор станциясига зарба берди. Киев маълумотларига кўра, бу станция Грециянинг суюлтирилган газ терминалларини Транс-Болқон газ қувури орқали Украина газ сақлаш объектлари билан боғловчи йўналишда иштирок этади. У газни АҚШдан, синов тариқасида эса Озарбайжондан етказиб берган.
8 августга ўтар кечаси Россия Одесса вилоятидаги Озарбайжон давлат компаниясининг SOCAR нефть базасига учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилди. Оқибатда ёнғин содир бўлиб, дизел ёқилғиси қувури шикастланган.
Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, 2-8 август кунлари Украинада мамлакат мудофаа саноатининг “корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватловчи газ транспорти тизими объектларига” зарба берилган. Россия вазирлигининг таъкидлашича, зарбалар фақат Украинадаги ҳарбий ва энергетика объектлари ҳамда тегишли инфратузилмага берилган.
Бу баёнот Ақтауда Озарбайжон самолётининг қулаши ва Озарбайжон фуқароларининг Екатеринбургда ҳибсга олиниши туфайли юзага келган Москва ва Баку муносабатларидаги сўнгги кескинлик бўлди.
Маълумот учун, SOCAR'нинг бутун Украина бўйлаб 60 га яқин ёқилғи қуйиш шохобчалари, шунингдек, бир нечта нефть базалари мавжуд.
Live
Барчаси