Пашинян Озарбайжон Совет давридаги чегараларига қайтиши кераклигини айтди
Олам
−
26 Сентябрь 2022
6934Озарбайжон Қуролли Кучлари Арманистон ҳудудини эгаллаб олди ва дастлабки позицияларига қайтиши керак. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Парижда Франция Президенти Эммануэль Макрон билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Франция БМТ Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади, унинг кун тартибига Президент Макроннинг ўзи кўмагида Озарбайжоннинг Арманистонга қарши тажовузи мавзуси киритилган. Агрессия оқибатида Озарбайжон 2021 йил 12 май ва 2022 йил 13 сентябрь кунлари Арманистон Республикасининг суверен ҳудудларини босиб олди. Шуни таъкидламоқчиманки, бизнинг позициямиз аниқ: Озарбайжон Қуролли Кучлари Арманистон Республикасининг суверен ҳудудидан олиб чиқилиши керак”, дейди у.
Пашиняннинг қайд этишича, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида аниқ чегара йўқлиги ҳақидаги баёнотлар чайқовчиликдир.
“Арманистон ва Озарбайжон ўртасида аниқ чегара йўқ, чунки у чегараланмаган ва делимитация қилинмаган, деган спекулятив баёнотларнинг ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Совет Арманистони ва Совет Озарбайжони ўртасидаги мавжуд маъмурий чегаралар икки давлат мавжудлигининг дастлабки ойларида давлат чегараларига айланди, чунки Арманистон ва Озарбайжон 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни ташкил этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилган”, дейди Пашинян.
У, шунингдек, Озарбайжоннинг ҳаракатлари туфайли Жанубий Кавказдаги вазият таранглигича қолаётганини айтди.
“Озарбайжоннинг босқинчилик ҳаракатлари туфайли минтақамиздаги вазият кескинлигича қолмоқда. Озарбайжон ишғолидан жабр кўрган ҳудудлар ва чегара зонасига халқаро кузатув миссиясини юбориш халқаро ҳамжамиятга билвосита эмас, тўғридан-тўғри маълумот олишга ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Ишончим комилки, БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу масалани диққат марказида ушлаб туриши керак”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси муҳокамаларида Озарбайжон Арманистонга тинчлик шартномаси лойиҳаси бўйича музокаралар ўтказиш учун аниқ жой ва вақтни таклиф қилгани, бироқ Еревандан ижобий муносабат билдирилмаганини айтган эди.
Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси