Баку Ереванга музокаралар ўтказиш учун жой ва вақт таклиф қилди
Олам
−
25 Сентябрь 2022
5333Озарбайжон Арманистонга тинчлик шартномаси лойиҳаси бўйича музокаралар ўтказиш учун аниқ жой ва вақтни таклиф қилган, бироқ Еревандан ижобий муносабат билдирилмаган. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг Брюсселда бўлиб ўтган учрашувидан сўнг Ереванда тинчлик шартномаси устида ишлаш учун учрашувнинг аниқ санаси ва жойи таклиф қилинди. Бироқ Пашиняннинг икки кун аввал Бош Ассамблеяда қилган баёнотлари, афсуски, Арманистон муносабатларни нормаллаштириш ўрнига ҳалигача қарама-қаршиликни давом эттириш тарафдори эканини кўрсатмоқда”, дейди вазир.
Унинг таъкидлашича, Арманистон 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотда кўрсатилганидек, ўз Қуролли кучларини Озарбайжон ҳудудидан тўлиқ олиб чиқмаган ва Озарбайжон ҳудудида турли ҳарбий амалиётларни, жумладан, пиёдаларга қарши миналарни жойлаштиришни давом эттирмоқда.
“Яқинда Озарбайжоннинг Лочин вилоятида Арманистонда 2021 йилда ишлаб чиқарилган кўп миқдорда пиёдаларга қарши миналар топилди”, дейди ТИВ раҳбари.
Байрамов бундай вазиятда Озарбайжон ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдидни бартараф этиш, ҳудудда реставрация ишларида қатнашаётган тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрганини таъкидлаган.
“Баку Ереванни мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёнига зарар етказиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақиради”, дейди у нутқининг сўнгида.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси