Пашинян Қорабоғда арманлар илдизи билан йўқ қилинаётганини иддао қилди
Олам
−
28 Сентябрь 2023
5688Арманистон Бош вазири Никол Пашинян яқин кунларда (тугатилган) Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман аҳолиси қолмайди, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда у ҳукумат йиғилишида маълум қилди.
“Таҳлил шуни кўрсатадики, яқин кунларда Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман қолмайди. Бу бевосита этник тозалаш ва депортация ҳаракатидир, биз халқаро ҳамжамиятни узоқ вақтдан бери огоҳлантириб келаётган эдик”, дейди у.
Шунингдек, Никол Пашинян Озарбайжондаги назорат-ўтказиш пунктларида Тоғли Қорабоғдан келган арманлар ҳибсга олинишидан хавотир билдирган.
“Тоғли Қорабоғ аҳолисини Арманистонга ўтказиш пунктида ва ундан ўтишдан олдин Озарбайжон томони ўзбошимчалик билан фуқароларни ҳибсга олади. Бизнинг давлат идораларимиз уларни ҳимоя қилиш чораларини кўриши керак. Халқаро майдонларда уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши керак”, дейди у.
Арманистон Бош вазири ўринбосари Тигран Хачатряннинг сўзларига кўра, Москва вақти билан соат 09:00 ҳолатига кўра, Тоғли Қорабоғдан Арманистонга 66 мингдан ортиқ одам келган, бу 120 минглик ҳудуд аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил қилади. Тахминан 11 минг киши уй-жой билан таъминланган, баъзи қочқинлар давлат ёрдамига муҳтож эмас.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 сентябрь куни халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси унинг раҳбари Самвел Шаҳраманян томонидан имзоланган фармон билан тугатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь