Пашинян истеъфога чиқишга тайёрлигини эълон қилди

Олам

image

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян халқ иродасига кўра, лавозимини тарк этишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Facebook`даги саҳифасида ёзган.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, мухолифат улкан молиявий ва медиаресурсларга қарамай, халқнинг қўллаб-қувватлашига муносиб бўлмаган. Шу сабабдан, мамлакатдаги инқирозни ечишнинг ягона йўли навбатдан ташқари парламент сайлови бўлади.

“Агар халқ ишончи тикланса, ҳозиргидек мураккаб вақтларда Арманистон Республикасини бошқаришни давом эттиришга тайёрман”, деган Пашинян.

У 2021 йилда сайлов ўтказишни таклиф қилди, аммо аниқ санани айтмади. Бош вазир барча манфаатдор сиёсий кучларни муҳокамага чақирган.

Маълумот учун, Арманистонда Пашинянга қарши намойишлар Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама баённома имзоланганидан кейин бошланганди. Арманлар Россия, Озарбайжон ва Арманистон имзолаган келишув шартларини адолатсиз деб баҳоляпти. Намойишчилар орасида обрўли мухолифат вакиллари ҳам бор.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Ҳар икки томон ҳам бир-бирини ташвиқотда айблаб, тўлиқ ёки қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди.

9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Баёнотга кўра, Арманистон ва Озарбайжон эгаллаб турган позицияларида тўхтади, кейин бир қатор туманлар Баку назорати остига ўтиши белгиланди. Сулҳга кўра, томонлар ўзаро асирлар, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини алмашишни аллақачон бошлади. 

Шунингдек, 1960 кишидан иборат Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Қорабоғни Арманистон билан боғлайдиган Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.

Кейинчалик, Россия ҳарбийлари Тоғли Қорабоғда тинчликпарвар кучлар назоратидаги ҳудудларда миналардан тозалаш ишларини давом эттираётгани хабар қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг