Мухолифат Арманистон Ҳукумати ва Бош прокуратура биноларини тўсиб қўйди
Олам
−
22 Декабрь 2020
3916Бугун, 22 декабрь куни Арманистон пойтахти Ереванда мухолифатнинг “Ватанни қутқариш ҳаракати” чақириғидан кейин юзлаб фаоллар Арманистон Ҳукумати ва Бош прокуратураси биноларини тўсиб қўйишни бошлади. Бу ҳақда воқеа жойидан ТАСС мухбири хабар берди.
“Николсиз Арманистон! Никол кетиши керак!”, дея хитоб қилмоқда фаоллар.
Айни пайтда Ҳукумат биноси жойлашган Республика майдонида вазият кескин, полиция навбатчилик қилмоқда. Шунингдек, бир гуруҳ мухолифатчилар Вазген Саркисян кўчасидаги Ҳукумат биносини тўсиб қўйган, у ерда қатор идоралар, шу жумладан республика Ташқи ишлар вазирлиги жойлашган.
Аввалроқ “Ватанни қутқариш ҳаракати”ни тузган Арманистоннинг ўн етти мухолифат партияси Республика майдонидаги Ҳукумат биноси олдида Бош вазир Никол Пашиняннинг истеъфосини талаб қилиб митинг бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Митингда бир неча минг киши қатнашмоқда.
“Никол Пашинян истеъфога чиқиши керак. У урушни бошлаш учун ҳамма нарсани қилди. У бизнинг еримизни топширишда, шунингдек, йигитларимизнинг ўлимида айбдор”, дейди журналистларга Арманистон парламенти спикерининг собиқ ўринбосари Эдуард Шармазанов.
Мухолифат Пашинян томонидан жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев билан имзоланган Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни аслида таслим бўлиш, деб ҳисобламоқда. Арманистон Бош вазирининг мухолифлари ҳам уни Республиканинг иқтисодий ва ижтимоий муаммоларида айблашади.
Мамлакатдаги мавжуд вазият фонида Арманистон Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказишга чақирди. Пашинян ўзи истеъфога чиқмаслигини эълон қилмоқда, унга кўра, ҳар қандай Ҳукумат ўзгариши фақат сайловлар орқали амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, унинг бир нечта тарафдорлари аллақачон муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини истисно қилмасликларини билдирган.
LiveБарчаси