Пашинян Баку олдига учта шарт қўйди
Олам
−
30 Октябрь 2023
10581Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон билан тинчлик шартномасига эришиш учун томонлар келишувнинг учта асосий тамойилига риоя қилишлари кераклигини айтди.
“Баку билан тинчлик ўрнатиш ва муносабатларни тартибга солишга ҳисса қўшиши мумкин бўлган учта асосий тамойил бўйича келишиб олинди. Ва агар томонлар ушбу тамойилларга риоя қилсалар, тинчлик шартномаси имзоланиши ҳақиқатга айланади”, дейди Пашинян парламентда 2024 йилги бюджет бўйича эшитувда сўзлаган нутқида.
Арманистон Бош вазири бу тамойилларни тушунтирди:
• биринчи тамойил – давлатлар томонидан бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини тан олиш, Арманистон ҳудуди 29,8 минг кв км, Озарбайжон эса 86,6 минг кв км;
• иккинчи тамойил – 1991 йилдаги Олма-Ота декларацияси давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишнинг сиёсий асосига айланиши керак;
• учинчи тамойил – мамлакатлар суверенитети, юрисдикцияси ва қонунчилигини ўзаро ҳурмат қилиш асосида барча минтақавий алоқаларни очиш;
Арманистон ва Озарбайжон тинчлик шартномаси бўйича музокаралар олиб бормоқда. Жиддий тўсиқлардан бири чегаранинг умумий участкасини белгилаш масаласи бўлди. Пашинян ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Россия ва Европа Иттифоқи воситачилигида бир неча шахсий учрашувлар ўтказди. Томонлар муҳокама қилган яна бир масала минтақавий коммуникацияларни очишдир. Ереван улар ҳудудидан ўтишда давлатлар юрисдикциясини сақлаб қолиш тамойили қўлланилиши кераклигини айтмоқда.
Октябрь ойи охирида Пашинян бир неча ой ичида тинчлик шартномаси имзоланиши ҳамда Ереван ва Баку ўртасидаги муносабатларни нормаллашишини кутаётганини айтди.