Парвоз вақтида об-ҳаво шароити нормал эди – Раисий маъмурияти раҳбари
Олам
−
22 Май
15235Эрон Президенти маъмурияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Исмоилий ҳалокат куни об-ҳаво шароити нормал бўлганини айтди. Унинг сўзларини IRNA келтирмоқда.
Исмоилийнинг сўзларига кўра, парвоз вақтида об-ҳаво шароити нормал бўлган, фақат Сунгун мис кони ҳудудида (ҳалокат содир бўлган Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида жойлашган) булутли эди.
"Бу туман эмас эди. Эҳтимол, дарада чуқур туман бор эди, лекин парвоз йўлимиз бўйлаб туман йўқ эди. Булутлар вертолётдан бироз баландроқ эди. Бортида Президент бўлган вертолёт учувчиси қўмондон сифатида бизга баландликка кўтарилиш ва булутлар устида ҳаракатланишни давом эттириш бўйича кўрсатмалар берди. Вертолётлар баландликни оширди ва тахминан 30 сониядан сўнг учувчимиз Президентнинг вертолёти йўқолганини англади”, дейди Исмоилий.
Унинг айтишича, уларнинг вертолёти бир ярим дақиқадан бери алоқада бўлмаган Президентни қидиришга кетган ва у билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган.
Шундан сўнг йўқолган вертолёт билан боғланишга уринишлар бошланган. Қўнғироққа Раисий билан бирга бортда бўлган Эроннинг Табриз шаҳридаги Жума масжиди имоми Сайид Муҳаммад Али Але Ҳошем жавоб берган.
"Мен ўзимни яхши ҳис қилмаяпман, нима бўлганини билмайман, қаерда эканимни билмайман, дарахтлар остидаман, ҳеч кимни кўрмаяпман”, дея жавоб берган имом.
Унинг тушунтиришидан Bell 212 (Раисий бўлган вертолёт – таҳр..) ҳалокатга учрагани маълум бўлган.
“Тез ёрдам ва тиббиёт ходимларини олиб, воқеа жойига бордик. Биз жаноб Ал-Ҳошим билан бир неча бор гаплашдик. Кейин маълум бўлдики, ҳамма бир вақтнинг ўзида ҳалок бўлган, аммо жаноб ал-Ҳошим бир неча соатдан кейин вафот этган. На портлаш овози, на ёнғин, на тутун кўринди”, дейди Президент маъмурияти раҳбари.
Маълумот учун, 19 май куни Эроннинг Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Але Ҳошем ҳам бўлган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пир Ҳусайн Коливанднинг айтишича, ҳалокатда вертолётнинг барча йўловчилари ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Эрон вице-президенти Моҳсин Мансурий президент ва унга ҳамроҳлик қилаётганларнинг ўлими ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.
Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани эса собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Республика сайлов штабининг матбуот котиби Муҳсин Исломий Эронда муддатидан олдин президентлик сайловлари 28 июнь куни бўлиб ўтишини маълум қилди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 май куни Табриз шаҳрида Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган расмийлар билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. 22 май куни Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида Президент Иброҳим Раисий билан видолашув маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этиши маълум қилинди.
LiveБарчаси