Паркентда акасининг беш гектар ерини 1 млн долларга сотмоқчи бўлган ука қўлга олинди
3-саҳифа
−
18 Февраль 2021
7880Тошкент вилояти Паркент туманида акасининг боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига тегишли 5 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога 1 миллион АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 56 ёшли шахс қўлга олинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали маълум қилди.
Сотиш учун у аввал мазкур ер майдонини фермер хўжалиги ихтиёридан чиқариб, туман ҳокимлиги захирасига қайтаришни, сўнгра эса ҳокимликдаги танишлари орқали харидор фуқаронинг номига расмийлаштириб беришни режалаштирган.
ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида фирибгар шахс сўралган пулдан 100 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ер олди-сотдиси билан боғлиқ бошқа бир ҳолатда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Новобод” МФЙ ҳудудидан 5 гектар ер майдонини 300 минг АҚШ долларига сотишларини айтишган ва ундан сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговолди суриштирув ҳаракатлари давомида маълум бўлишича, улар 2019 йил Бўстонлиқ тумани ҳокими қарори билан маҳаллий МЧЖлардан бирига дам олиш маскани қуриш мақсадида ажратиб берилган мазкур ер майдонини сотиш ҳуқуқи мавжуд эмаслигини билган ҳолда ноқонуний ишга қўл уришган.
LiveБарчаси