Параспортчи Олимпия машъаласи эстафетасида “юриб кетди” (видео)
Технология
−
28 Июль
14469Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ўтказилган машъалани олиб ўтиш эстафетасида Франция паралимпиячиси Кевин Пьетт роботлаштирилган ташқи скелет билан илк бор “оёққа турди”. Бу ҳақда “Daily Mail” хабар берди.
Wandercraft компанияси томонидан яратилган замонавий технология ютуғи туфайли Кевин Пьетт ўз орзусини қисман бўлсада рўёбга чиқарган. Бу билан спортчи нафақат Олимпия тарихида, балки ўз ҳаётида ҳам энг эсда қоларли воқеа қатнашчисига айланган. Нашрнинг қайд этишича, Халқаро олимпия қўмитаси параспортчини “спортга садоқат тимсоли” деб атаган.
36 ёшли Кевин Пьетт бундан 25 йил олдин, яъни 11 ёшида бахтсиз ҳодиса сабаб фалаж бўлиб қолган. Эндиликда, компания ихтиро қилган инновацион технология билан нафақат спортчи, балки бошқалар ҳам ҳаракатлана олиши мумкин. Батарея билан ишлайдиган экзоскелет фойдаланувчининг оёқларини мустақил қўллаб-қувватлайди, фойдаланувчиларга ўтириш, туриш, айланиб чиқиш, зинапояга чиқиш ва нотаниш бўлган жойларда ҳам сезги орқали ҳаракат қилиш имконини беради.
Ижтимоий тармоқларда акс этган видеода теннисчи катта қувонч билан, унга қўл силкиётган одамлар орасидан ўтиб, машъалани кўтарганча юриб бораётганини кўриш мумкин. Видеога изоҳ ёзаётган дунё бўйлаб турли миллат вакилларига кўра, Кевин ўз хурсандчилиги билан уларга илҳом бағишлаган.
“Унинг ҳаракатланганини кўриб кўзларимга ёш келди. Технология тезроқ янада ривожланишини истайман. Юра олмайдиган бошқа одамлар бу инновацияга муҳтож”, дейди ижтимоий тармоқда изоҳ ёзганлардан бири.
Спортчи кийган ушбу технология воситаси 2023 йилнинг декабрь ойида Нью-Йоркда расман тақдим этилган. Франциянинг Wandercraft компанияси ихтирочилари ҳозирда ушбу юриш учун мўлжалланган ташқи ускунани янада такомиллаштириш устида изланишлар олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳиндистонлик талаба инсон хаёлларини ўқийдиган қурилма ихтиро қилганди. Шунингдек, сингапурлик олимлар кўз ёши суюқлиги билан зарядланадиган линзаларни ихтиро қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси