Пандемия шароитида вафот этганлар қандай дафн этилади?
Бу қизиқ
−
03 Август 2020
17363Расмий статистикага кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар 155 нафарни ташкил этмоқда. Кўпчиликка маълумки, ушбу хасталикдан вафот этганларнинг жасади яқинларига берилмаяпти, аксинча, тўғри қабристонга юборилиб, дафн этилмоқда.
Хўш, пандемия шароитида вафот этган инсонларнинг дафн маросимларини қандай ўтказиш лозим? Ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимов жавоб қайтарди.
“Шуни билишимиз керакки, оммавий дафн маросимлари вирус тарқалиши учун қулай фурсатдир. Зинҳор дафн маросимларида кўпчилик йиғилмаслиги лозим. Дафнга келганлар 1,5 метр масофани сақлашлари керак. Тиббий ниқоб, қўлқоп тақишлари, антисептик воситалар билан қўлларини тозалаб туришлари керак. Кўришишликни эса вақтинчалик тарк этиш керак.
Маййит тиббий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда ювилиши лозим. Яъни ғассол ниқобда ва қўлқопда бўлиши шарт. Ғуслда ишлатилган барча нарсалар ёқиб юборилиши шарт. Челак ва бошқа асбоблар хлор ёки бошқа воситалари билан дезинфекция қилиниши лозим. Улар 5-6 соат қуёш нурида қуритилиши шарт.
Агар маййит тиббий ходимлар томонидан махсус матолар билан ўраб қўйилган бўлса, уларни тиббий хавфсизлик нуқтайи назаридан очиш мумкин эмас ва уни қайта ғусл қилиш шарт бўлмайди. Жаноза намози узоғи билан 5-7 дақиқа давом этиши лозим. Жанозада соғлиғи заиф, ёши катта ва ёш болалар иштирок этмасликлари керак. Жанозада қатнашувчилар ижтимоий масофа сақлашлари муҳим.
Агар тиббиёт ходимлари маййитни қабристонга олиб келишган бўлса, жаноза ўша жойда адо этилиши керак. Дафн маросими одатдагидек амалга оширилади. Унда ҳам иложи борича кам одам иштирок этиши лозим. Дафндан сўнг эса қабристондан тезда уйга қайтиб, покланиш чораларини кўриш лозим.
Маъракаларни фақат оила даврасида ўтказиш лозим”.
LiveБарчаси