“Пахтакор”да ИИО ходимлари телеканал тасвирчисини дўппослагани бўйича жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
15 Июль 2022
8377Жорий йил 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги "Пахтакор" стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган “Sevimli” телеканали тасвирчиси калтаклангани бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.
Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган “Sevimli” телеканали мухбири ва тасвирчисига Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилгани, камераси тортиб олингани ҳақидаги хабарлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ҳамда Миллий гвардиясига сўров юборганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 11 июнь куни “Севимли” телеканали “Замон” дастури тасвирчиси Т.Иброҳимов журналист билан Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун “Пахтакор” стадионига борганида дўппосланган. Унга шифохонада жағ-тиш синиши ташхиси қўйилган. Журналист ва тасвирчининг ўзи дўппослаганлар Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари эканини айтмоқда. ИИВ эса оператор одамлар ўртасидаги жанжалда калтак еганини маълум қилди, бироқ айнан ким урганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга вазирлик безорилик содир этган фуқароларни аниқлаш ишларини бошлаган.
Бош прокуратура ҳам ҳолатга муносабат билдириб, вазият юзасидан ўрганиш бошланганини маълум қилганди.
LiveБарчаси