БП тасвирчи калтаклангани бўйича текширув бошлади

Жамият

image

Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадиони атрофида оммавий ахборот воситалари ходимлари калтакланиши, уларнинг фаолиятига кўрсатилган тўсқинлик ҳолатларини ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бериш хусусидаги сўровини ўрганиб чиқмоқда. Бу ҳақда БП Матбуот хизмати маълум қилди.

“Прокуратура томонидан ушбу юзага келган ҳолат ваколат доирасида ўрганиб чиқилади ва иштирокчилар ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади. Қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдорларга қонун доирасида чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилади муносабатда.

Муносабатда Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасида давлат журналистга ахборотни эркин олишини ва тарқатишини кафолатлаши, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишда унинг ҳимоя қилинишини таъминлаши лозимлиги, 14-моддада эса журналистнинг ушбу ҳуқуқларини бузганлик, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига таҳдид, зўравонлик ёки тажовуз қилганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилангани эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жорий йилнинг 11 июнь куни Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасида Ўзбекистон – Ироқ ўйинини ёритишга борган “Sevimli” телеканали мухбири ва тасвирчисига Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан куч ишлатилгани, камераси тортиб олингани ҳақидаги хабарлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси ҳамда Миллий гвардиясига сўров юборганди.

Маълумот учун, жорий йилнинг 11 июнь куни “Севимли” телеканали “Замон” дастури тасвирчиси Т.Иброҳимов журналист билан Ўзбекистон-Ироқ ўйинини ёритиш учун “Пахтакор” стадионига борганида дўппосланган. Унга шифохонада жағ-тиш синиши ташхиси қўйилган. Журналист ва тасвирчининг ўзи дўппослаганлар Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари эканини айтмоқда. ИИВ эса оператор одамлар ўртасидаги жанжалда калтак еганини маълум қилди, бироқ айнан ким урганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга вазирлик безорилик содир этган фуқароларни аниқлаш ишларини бошлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг