Пахтачида мактаб ўқувчилари автобусга миндирилмади (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида ҳайдовчи мактабга кетаётган ўқувчиларни пул тўламагани учун автобусга чиқармагани акс этган видеохабар тарқалди. Унда ота-оналар болалари автобусга чиқарилмаганидан шикоят қилгани, манзилга йўлкира ҳақи 5 минг сўм экани, лекин бир оилада кўпроқ фарзандлари мактабга борадиганлар учун бу оғирлик қилиши таъкидланади. Шунингдек, ўша куни ўқувчилар мактабга бормай, ортга қайтиб кетишган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, ҳолат жорий йилнинг 3 сентябрь куни Пахтачи туманидаги Фай маҳалласи, Назаробод қишлоғида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Нуробод тумани, Саҳоба маҳалласидан Зиёвуддин шаҳарчасига қатновчи хусусий автобус эгаси мактабга кетаётган ўқувчиларни автобусга миндирмаган.

Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан назоратга олинган. Маълум бўлишича, мазкур маҳалладан 19 нафар ўқувчи Пахтачи туманидаги 28-умумтаълим мактабига, 3 нафар ўқувчи эса тумандаги 34-умумтаълим мактабига қатнайди.

Ўқувчиларни миндирмаган  “Оқтош-Шахзод транс” МЧЖга қарашли давлат рақами 30 E 881HB “Саҳоба-Оқтош” йўналишида ҳаракатланувчи автобус ҳайдовчиси Мусурмон Бобожонов МЧЖнинг жорий йил 4 сентябрдаги буйруғига асосан лавозимидан озод этилган.

Билдирилишича, “Оқтош-Шахзод транс” МЧЖ ва Пахтачи тумани ҳокимлиги ўртасида мактаб ўқувчиларини мактабга ташиш хизматини йўлга қўйиш бўйича шартнома имзоланиб, куннинг иккинчи ярмидан бошлаб ўқувчилар учун бепул автобус ҳаракати йўлга қўйилган.

“Афсуски, бундай камчиликлар учраб турибди. Вилоят раҳбари ушбу муаммоли ҳолатни ёритган ва унинг ечимига ҳисса қўшган ижтимоий тармоқ фаолларига миннатдорлик билдиради. Бундан кейин ҳам ҳар бир мурожаатни тезкорлик билан ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади вилоят ҳокимлиги муносабатида.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Пахтачи ўқувчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг