Озарбайжонда махсус карантин режими узайтирилди
Олам
−
15:32 2760 1 дақиқа
Озарбайжонда коронавирус (COVID-19) сабабли жорий этилган махсус карантин режими 2026 йил 1 июль соат 06:00 гача узайтирилди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Али Асадов жорий йилнинг 16 март куни тегишли қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, бу чоралар COVID-19 инфекциясининг мамлакатда тарқалишининг олдини олиш ҳамда унинг эҳтимолий салбий оқибатларини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Мазкур карантин доирасида Озарбайжоннинг қуруқлик чегараларида хорижий давлатларга кириб-чиқиш бўйича чекловлар ҳануз сақланиб қолмоқда.
Айрим мухолифат вакиллари пандемия аллақачон якунланганига қарамай, бу чекловларнинг давом этишини ҳукуматнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатлари билан изоҳлаган. Расмийлар эса чегаралардаги чекловларни асосан хавфсизлик омиллари билан боғлаган.
Бош вазир 13 март куни парламентдаги чиқишида минтақадаги сўнгги воқеалар Озарбайжон қуруқлик чегараларини ёпиқ ҳолда сақлаш қарори қанчалик асосли ва зарур эканини кўрсатганини айтган. Аммо у бугунги қарорида карантин муддатини узайтиришни айнан коронавирус билан боғлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус мамлакатларни келажакдаги пандемияларга тайёргарликни кучайтириш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўпроқ эътибор қаратишга чақирганди.