ЖССТ раҳбари янги пандемиялар хавфи ҳақида огоҳлантирди

Олам

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (World Health Organization – WHO) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус мамлакатларни келажакдаги пандемияларга тайёргарликни кучайтириш ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўпроқ эътибор қаратишга чақирди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 12 март куни XIII Глобал Баку форумининг очилиш маросимида гапирди.

ЖССТ раҳбари 2025 йилда ҳарбий харажатлар 2,7 триллион долларга етганини эслатган. Бу эса 2030 йилгача очликни батамом бартараф этиш учун зарур бўлган маблағдан 30 баробар кўпдир.

У, шунингдек, “кўринмас душман” ҳужумига тайёргарлик масаласига эътибор қаратган. Бу ерда гап COVID-19 каби пандемиялар ҳақида бормоқда. Унинг баҳолашича, мазкур пандемия “20 миллион инсон ҳаётига зомин бўлган – бу замонавий тарихдаги исталган урушдан ҳам кўпроқ – ҳамда жаҳон иқтисодиётига 10 триллион доллардан ортиқ зарар етказган”.

ЖССТ раҳбари таъкидлашича, дунё кўп ҳолларда бир инқироздан бошқасига ўтиб кетади, аммо ундан сабоқ чиқармайди. Пандемиялар қандай вайронакор оқибатларга олиб келишини кўрсатганига қарамай, давлатлар соғлиқни сақлаш хавфларидан ҳимояга эмас, балки ҳарбий эҳтиёжларга анча кўпроқ маблағ сарфламоқда.

“Бироқ COVID-19 пандемияси кўрсатганидек, глобаллашган дунёда соғлиқни сақлаш соҳасидаги хавфсизлик – бу миллий хавфсизликдир. Вирусларга виза керак эмас, патогенлар чегараларни тан олмайди. Дезинформация эса дипломатиядан ҳам тезроқ тарқалади ”, дейди Гебрейесус.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, соғлиқни сақлаш соҳаси халқаро ҳамкорлик учун муҳим майдонга айланиши керак.

“Бўлинган ва парчаланган дунёда соғлиқни сақлаш – давлатлар идеологик фарқларни четга суриб, умумий таҳдидларга қарши умумий ечим топиш учун ҳамкорлик қилиши мумкин ва керак бўлган кам сонли соҳалардан биридир”, дейди у.

Гебрейесус ЖССТга аъзо давлатлар келажакдаги пандемияларга тайёргарликни мустаҳкамлаш устида иш олиб бораётганини эслатган. Ўтган йили улар пандемиялар бўйича келишувни қабул қилди. У ратификация қилингач, соғлиқни сақлаш хавфсизлигини кучайтиришга хизмат қилувчи муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга айланиши кутилмоқда.
Давлатлар, шунингдек, патогенлар билан алмашиш ва улардан келадиган фойдани тақсимлаш бўйича қўшимча механизм юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу механизм эҳтимолий хавфли вирусларни тез аниқлаш ва вакцина, дори-дармон ҳамда диагностика воситаларидан адолатли фойдаланиш имкониятини таъминлаши керак.

ЖССТ раҳбари таъкидлашича, давлатлар бу жараёнда хайрия мақсадида эмас, балки эпидемиологик назорат, эрта огоҳлантириш ва тиббий воситаларга кириш имкониятлари бўйича ҳамкорлик ўз манфаатларига жавоб бергани учун иштирок этмоқда.

“Кўп томонлама ҳамкорликнинг маъноси ҳам шунда – фарқларни йўқ қилишда эмас, балки умумий хавф-хатарларни биргаликда бошқаришдадир”, дейди у.

Гебрейесус, шунингдек, халқаро ҳамкорлик тизими ҳозир жиддий синовларга дуч келаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ЖССТ энг йирик донор томонидан молиялаштириш тўхтатилгани сабабли мураккаб ислоҳотлар ва қайта йўналиш даврини бошдан кечирмоқда.

“Мен ишонаманки, ЖССТ бу вазиятдан янада кучлироқ, ўз асосий мандатига янада аниқроқ йўналтирилган, мустақилроқ ва дунё халқлари ҳамда давлатларига хизмат қилишга янада қодир ташкилот сифатида чиқади. Охир-оқибат, биз бир турмиз – бир сайёрада яшаймиз, бир хил ДНКга эгамиз ва бир хил таҳдидларга дуч келамиз ”, дейди у.

Шу билан бирга, Гебрейесус келажакдаги инқирозларга самарали жавоб бериш учун давлатлар ва халқаро институтлар ўртасида ишончни тиклаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия Тедрос Адханом Гебрейесус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг