Озарбайжон ва Арманистон ўртасида отишма содир бўлди

Олам

image

Бугун, 11 апрель куни Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари ўртасида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда ҳар икки давлатнинг Мудофаа вазирликлари маълум қилди. 

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, 11 апрель куни Арманистон ҳудудидан ўққа тутилиши оқибатида республика қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

“11 апрель куни Арманистон Қуролли кучлари бўлинмалари Горис вилоятининг Диг аҳоли пункти йўналишидаги позициялардан Озарбайжон армиясининг Лочин йўналишидаги позицияларини интенсив равишда ўққа тутди. Озарбайжон армиясининг ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлди ва яраланди”, дейилади расмий Баку баёнотида.

Шунингдек, вазирлик Озарбайжон армияси бўлинмалари адекват жавоб чораларини кўрганини ҳам қўшимча қилган.

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари Сюник вилоятининг Тех маҳалласи ҳудудида муҳандислик ишларини олиб бораётган арман ҳарбий хизматчиларига қарата ўт очгани, ярадорлар ва ҳалок бўлганлар бор эканини маълум қилган. 

Расмий Ереван ҳам Арманистон бўлинмалари жавоб чораларини кўргани, кейинчалик Мудофаа вазирлиги қўшимча хабар беришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги жорий йилнинг 5 март куни эрталаб Озарбайжон армияси бўлинмалари ҳарбий юкларни ноқонуний етказиб бераётган арман автомобилини текшириш учун тўхтатмоқчи бўлганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, автомобиль йўловчилари Озарбайжон ҳарбийларига қарата ўт очган. Отишма оқибатида Озарбайжон Қуролли кучларининг икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Арманистон томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Озарбайжон айни вақтда Арманистонни Қорабоғга қурол-яроғ, миналар ва ўқ-дорилар тўплаётганликда айбламоқда.

Ўз навбатида Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот чиқариб, Озарбайжоннинг янги тажовузни бошлашига йўл қўймаслик ва Тоғли Қорабоғга Арманистон қуролли кучлари жойлаштирилгани ҳақидаги Озарбайжон маълумотларини текшириш учун халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юборишга чақирганди. Шунингдек, Озарбайжон халқни бўйсундириш учун Тоғли Қорабоғни этник тозалаш ва геноцидга дучор қилишга тайёрланаётганини қайд этди. Расмий Баку эса бу даъволарини бемаънилик деб атади.

Қорабоғ уруши 

2020 йил 14 июль куни Озарбайжон-Арманистон чегарасида рўй берган тўқнашувда Озарбайжон армиясининг бир генерал-майори бошлиқ 7 нафар аскарнинг шаҳид бўлиши Қорабоғнинг озод қилинишига олиб келган операциянинг бошланиши бўлди. 27 сентябрь куни Арманистон қўшинлари Тоғли Қорабоғ яқинидаги тинч аҳоли пунктларига ўт очди. Озарбайжон ўз ерларини ишғолдан озод қилиш учун “Қасос” қарши ҳужумини бошлади. Натижада, босиб олинган ерлар бирин-кетин озод қилинди.

2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2,9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

тўқнашув Озарбайжон Арманистон Лочин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг