Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди
Олам
−
20 Ноябрь
4664Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Украинадаги элчихоналари Россиядан “кучли ўққа тутиш” таҳдиди фонида ўз фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирган мурожаатлар билан чиқди.
Озарбайжон элчихонаси фуқароларни маҳаллий ҳокимият кўрсатмаларига риоя қилишга, ҳаво ҳужуми сигнали эшитилса, хавфсиз жойларга бошпана олишга чақирди. Шунингдек, 21-22 ноябрь кунлари Озарбайжоннинг Киевдаги элчихонасида консуллик қабули ўтказилмаслиги хабар қилинган.
Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳам ўз фуқароларига мамлакатни тарк этишни тавсия қилди. Дипломатлар Қозоғистон фуқароларини Украинадаги фаол ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган ҳудудларга яқин ҳудудларни тарк этишлари ёки бу мамлакат ҳудудини тарк этишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирган. Бунга сабаб сифатида отишмаларнинг кучайгани айтилмоқда.
Дипломатик миссиянинг эслатишича, Қозоғистон фуқаролари Украинани тарк этиш учун Польша ёки Молдова орқали ўтадиган ер усти транспортидан фойдаланиши, кейин эса у ерга самолётда етиб бориши мумкин.
“Элчихона барча фуқароларни ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантиришни эътиборсиз қолдирмасликка ва зудлик билан бошпана олишга, ўз хавфсизлик чораларига риоя қилишга ва расмий идораларнинг тавсияларига амал қилишга чақиради”, дейилади хабарда.
Қирғизистон дипломатик миссияси ҳам Украинада истиқомат қилаётган республика фуқароларига хавфсизлик чораларини кучайтириш ёки мамлакатни тарк этишни тавсия қилган.
“Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқароларига шахсий хавфсизлик чораларини кучайтиришни ва зарурат туғилганда вазият тўлиқ барқарорлашгунга қадар Украина ҳудудини тарк этишни қатъий тавсия қилади”, дейилади элчихона хабарида.
Шунга ўхшаш бир қатор баёнотлар АҚШнинг Киевдаги элчихонасининг Россия қўшинлари томонидан оммавий ўққа тутилиши мумкинлиги ҳақидаги “аниқ маълумотлар”ни эълон қилиши билан бошланди. Кейинчалик юқоридаги каби тавсиялар Испания, Италия ва Греция элчихоналари томонидан берилди.
Эслатиб ўтамиз, “The New York Times” газетаси 17 ноябрь куни АҚШнинг узоқ масофага учувчи қуроллардан фойдаланишга қўйган тақиқи бекор қилингани ҳақида ёзганди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирди. Кеча, 19 ноябрда эса Украина Мудофаа кучлари биринчи марта ATACMS баллистик ракеталари билан Россия ҳудудига ҳужум қилгани ва у нишонга муваффақиятли урилгани хабар қилинди.