Озарбайжон Қорабоғдаги муаммоларни ҳал қилиш учун гуруҳ тузди

Олам

image

Озарбайжон ҳукумати Қорабоғдаги ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилиш учун Бош вазир ўринбосари Шаҳин Мустафоев бошчилигида ишчи гуруҳ тузди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти маъмурияти баёнотида айтилади. 

“Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг топшириғига кўра, Бош вазир ўринбосари Шаҳин Мустафоев бошчилигида Қорабоғ минтақасидаги ижтимоий, гуманитар, иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди”, дейилади хабарда. 

Ишчи гуруҳ Озарбайжоннинг озод қилинган ҳудудларидаги муаммоларни марказлашган ҳолда ҳал этиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб доирасида фаолият юритади. 

Алиев маъмурияти маълумотларига кўра, арман аҳолисини биринчи тиббий ёрдам ва озиқ-овқат билан таъминлаш учун Озарбайжон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ағдам, Физулий ва Калбажарда 1 минг кишилик чодирлар қурган. Шунингдек, Евлахда бўлиб ўтган учрашувда Озарбайжон раҳбариятига мурожаат қилган Қорабоғ арман аҳолиси вакилларининг илтимосига кўра, биринчи навбатда болалар боғчалари, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги хизматлари учун ёқилғи-мойлаш материалларини етказиб бериш таъминланиши кўрсатилган. 

Бундан ташқари, маълумотларга кўра, Озарбайжон томони Россия тинчликпарвар кучлари контингенти томонидан тинч аҳолига озиқ-овқат ва кундалик товарлар етказиб бериш учун Лочин-Хонкенди йўлидан фойдаланишни таъминлайди. Шунингдек, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) учун Ағдам-Аскеран-Хонкенди ва Лочин-Хонкенди йўллари бўйлаб озиқ-овқат, дори-дармон ва болалар овқатларини етказиб бериш ҳамда ХҚХҚ сўрови асосида тиббий ёрдамга муҳтож одамларни Арманистонга эвакуация қилиш учун шароитлар яратилмоқда. 

19 сентябрь куни (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғда вазиятнинг яна кескинлашуви юз берди. Баку "маҳаллий аксилтеррор чоралари" бошланганини эълон қилди ва арман ҳарбийларини минтақадан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ереван Қорабоғда арман қуролли кучлари йўқлигини таъкидлаб, содир бўлаётган воқеаларни “кенг кўламли тажовуз” деб атади. Россия можаро томонларини қон тўкилишини тўхтатиб, дипломатик келишувга қайтишга чақирди. 20 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Россия тинчликпарвар контингенти иштирокида Қорабоғда аксилтеррор тадбирларини тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон-Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг