Озарбайжон фуқароларини Эронга бормасликка чақирди
Олам
−
03 Июнь 2023
6121Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқароларига мурожаат қилиб, уларни Эронга бормасликка чақирди. Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни эълон қилинган ТИВ баёнотида сўз борди.
“Озарбайжон фуқароларига ўта зарурат бўлмаса, Эронга бормаслик тавсия этилади ва бу мамлакатга ташриф буюрганлар ўта эҳтиёткор бўлишлари керак”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирда Эронда бўлган Озарбайжон фуқароларига “хавфсизлик қоидалари”га риоя қилишни тавсия қилган.
Бундан ташқари, баёнотда жорий йилнинг январида Озарбайжоннинг Эрондаги элчихонасида содир этилган теракт эсга олинган.
Маълумот учун, Озарбайжон фуқароси Фарид Сафарли Эронда ҳибсга олиниши муносабати билан кеча, 2 июнь куни расмий Баку Теҳрон томонига норозилик нотасини юборган. Эрон расмийлари уни жосусликда айбламоқда. Сафарли немис университети талабаси бўлиб, Озарбайжон матбуотига кўра, март ойи бошида Эронга борган. Кейин у оиласи билан алоқа қилишни тўхтатган. Озарбайжон томони Эрон расмийларидан ўз фуқароси тақдирига ойдинлик киритишни талаб қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Озарбайжон ТИВ мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилгани, оқибатда дипломатик миссиянинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ҳалок бўлгани ва унинг икки ҳамкасби яраланганини маълум қилганди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев қуролли ҳужумни қоралаб, уни теракт деб атаган ва зудлик билан тергов қилинишини, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилди. 29 январь куни эса мамлакатнинг Теҳрондаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари – жами 53 киши Бакуга эвакуация қилинди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Халаф Халафов журналистларга элчихона дипломатик фаолиятини тўлиқ тўхтатганини, бироқ Табриздаги бош консуллик нормал фаолият юритишда давом этишини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь