Озарбайжон бизга қарши янги тажовузга тайёрланмоқда – Ереван
Олам
−
20 Март 2023
2736Озарбайжон ўзининг тажовузкор сўзлари ва ҳаракатлари билан (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ арманларига қарши геноцидга, Арманистонга қарши янги тажовузга тайёрланмоқда. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг расмий сайтида шундай баҳо берилган баёнотни эълон қилди.
“Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг баҳоси аниқ. Озарбайжон ўзининг тажовузкор сўзлари ва ҳаракатлари билан Тоғли Қорабоғ арманларига қарши геноцидга ва Арманистонга қарши янги тажовузга тайёрланмоқда”, дейилади ТИВ хабарида.
Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлаганидек, 18 март куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 44 кунлик уруш натижасида арман аҳолиси ташлаб кетган Тоғли Қорабоғдаги Талиш қишлоғига бориб, тинчлик келишуви бўлмаслиги ҳақида баёнот берган.
“Озарбайжон Талишда ҳам, минтақанинг арман аҳолиси тарк этган бошқа ҳудудларда ҳам ўз назорати остида бўлган Тоғли Қорабоғ ҳудудидан арман изларини йўқ қилиш мақсадида очиқдан-очиқ кўчириш дастурларини амалга оширмоқда”, дейди Арманистон ТИВ.
Ҳужжатда қайд этилишича, ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида худди шундай тақдир Шаумян ва Геташен вилоятлари ҳамда арман аҳолиси кўп бўлган бошқа аҳоли пунктлари бошига тушган.
“Озарбайжоннинг хатти-ҳаракатлари 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотнинг 7-бандига тўғридан-тўғри зид келади, унга кўра ички кўчирилганлар ва қочқинлар Тоғли Қорабоғ ва унга туташ ҳудудларга БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги назорати остида қайтарилади. Тоғли Қорабоғ арманларини ноқонуний кўчириш сиёсати ва террор амалиёти билан расмий Баку уч томонлама декларация бандини бажариш имконсиз бўлиши учун ҳамма нарсани қилмоқда”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.
Озарбайжон турли форматларда қабул қилинган уч томонлама ва тўрт томонлама декларацияларни қўпол равишда бузишда давом этмоқда ва амалда бу декларацияларнинг Озарбайжон томонидан бузилмаган бирорта банди йўқ, дея қайд этади Арманистон ТИВ. Арманистон томони ҳозирги вазиятда геноциднинг олдини олишнинг халқаро механизмларини ишга тушириш, Лочин йўлаги ва Тоғли Қорабоғга халқаро фактларни аниқлаш миссиясини жўнатиш, шунингдек, Озарбайжоннинг тажовузкор ҳаракатлари ва сиёсатини бевосита қоралаш зарур, деб ҳисоблайди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 18 март куни Наврўз байрами муносабати билан Озарбайжон халқига Тертер тумани Талиш қишлоғидан қилган Мурожаатномасида Арманистон яна Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволарни давом эттираётганини айтган эди.
LiveБарчаси