Алиев Арманистонни “ифлос” ҳаракатлардан тийилишга чақирди
Олам
−
18 Март 2023
5411Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Арманистон раҳбариятини ва Ереван ортидаги айрим давлатларни “ифлос” ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Бу ҳақда Президент 18 март куни Наврўз байрами муносабати билан Озарбайжон халқига Тертер тумани Талиш қишлоғидан қилган Мурожаатномасида айтган.
“Афсуски, бугун Арманистон Иккинчи Қорабоғ урушидан ҳали сабоқ олгани йўқ, чунки Арманистонда реваншист кучлар бош кўтарганини кўряпмиз”, дейди давлат раҳбари.
Президентнинг сўзларига кўра, Арманистон яна Озарбайжонга қарши ҳудудий даъволарни давом эттирмоқда.
“Биз Арманистон раҳбариятини бу нопок ҳаракатлардан воз кечиш ҳақида огоҳлантирамиз. Бу ердан – озод қилинган Талиш қишлоғидан биз Арманистоннинг орқасида турган баъзи давлатларни бу нопок ҳаракатлардан сақланинглар, деб огоҳлантирамиз. Ҳеч қандай ташқи куч Озарбайжон давлати, халқи иродасига таъсир қила олмайди”, дейди Алиев.
Президент 30 йилдан бери Баку барча халқаро ташкилотларда ишғол муносабати билан ўз адолат овозини баланд кўтариб келаётганини, афсуски, ҳеч бир тузилмадан ҳеч қандай муносабат билдирилмаганини эслатди.
“Аксинча, Қорабоғ можаросида иштирок этган воситачилар можарони ҳал қилмасликка, балки музлатиб қўйишга ҳаракат қилди. Энди Иккинчи Қорабоғ урушидан икки ярим йил ўтиб олинган янги маълумотлар буни яна бир бор тасдиқлайди”, дейди давлат раҳбари.
Алиев Озарбайжоннинг ҳуқуқлари жанг майдонида тиклаганини таъкидлади.
“44 кун ичида биз нафратланган душманни ўз юртларимиздан қувиб чиқардик ва Қорабоғда Озарбайжон байроғини кўтардик. Бу Озарбайжоннинг кўп асрлик тарихидаги энг ёрқин саҳифадир”, дейди у.
Бугун, 18 март куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева ва қизи Орзу Алиева Тертер вилоятига сафар қилган. Давлат раҳбари Талиш қишлоғида Наврўз гулханини ёқиб, озар халқини байрам билан табриклади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь