Озарбайжон аскари Арманистонда умрбодга қамалди
Олам
−
06 Декабрь 2023
8045Арманистонда асирликда бўлган Озарбайжон армияси аскари Ҳусайн Охундовнинг жазоси оғирлаштирилди. Бу ҳақда арман оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.
Хабар қилинишича, Зангезур мис-молибден заводи (ЗММЗ) қоровулини ўлдирганликда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган аскар Ҳусайн Охундовнинг ҳукми умрбод қамоқ жазосига алмаштирилган.
“Жиноят ишлари бўйича апелляция суди судьяси Григор Ованнисян раислигида ўтказилган суд мажлисида ЗММЗ қўриқчиси Айрапет Меликсетяннинг меросхўрлари шикояти қаноатлантирилди, биринчи инстанция ҳукми қисман бекор қилинди ва Охундов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Озарбайжон армиясининг аскарлари – 2004 йилда туғилган Агшин Габил ўғли Бабиров ва 2003 йилда туғилган Ҳусайн Аҳлиман ўғли Охундов жорий йилнинг 9 апрель куни Нахчивон Мухтор Республикасининг Шаҳбуз тумани чегараси ҳудудида бедарак йўқолган эди.
Арманистон Мудофаа вазирлиги 13 апрель куни Озарбайжон аскарлари ҳибсга олинганини тан олди. Ижтимоий тармоқлар ва арман оммавий ахборот воситаларида арманлар асирга олинган озарбайжон аскарини калтаклаб, қаттиқ қийноққа солаётгани тасвирлари эълон қилинди.
Арманистон суди 8 май куни Агшин Бабировни 11,5 йилга, Ҳусайн Охундовни эса 21 июнь куни 20 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Озарбайжонни ўт очишда айблаганди.