Озарбайжон Арманистонни ўч олиш кайфиятидан воз кечишга чақирди
Олам
−
27 Сентябрь 2022
2905Арманистоннинг реваншистик позицияси Жанубий Кавказдаги вазиятни нормаллаштиришга уринишларга жиддий путур етказади. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 27 сентябрь куни тарқатилган баёнотида айтилади.
Департаментнинг таъкидлашича, Ереван ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаяпти, жумладан, қолган қуролли тузилмаларини Озарбайжондан олиб чиқмаяпти, шунингдек, янги ҳудудларни миналаштиряпти. Буларнинг барчаси минтақа тинчлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда.
Шу билан бирга, Ереван минтақада ҳарбий провокацияларни давом эттириш орқали алоқаларни йўлга қўйиш учун ҳеч нима қилмаяпти ва шу тариқа можародан кейинги нормаллаштиришга уринишларга жддий путур етказяпти, дейилади хабарда.
Вазирлик Озарбайжон Арманистон билан халқаро ҳуқуқ тамойилларига, хусусан, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва халқаро миқёсда тан олинган чегаралар дахлсизлиги тамойилларига қатъий риоя қилиш асосида муносабатларни нормаллаштириш ташаббускори эканлигини эслатди.
“Арманистон сохта музокараларни бас қилиши ва тинчлик сари реал, конструктив қадамлар ташлаши керак. Минтақани ривожлантириш учун бошқа муқобил йўл йўқ”, дейилади хабарда.
Бундан олдин, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Франция Президенти Эммануэль Макрон билан қўшма матбуот анжуманида Озарбайжон Совет давридаги чегараларига қайтиши кераклигини иддао қилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси муҳокамаларида Озарбайжон Арманистонга тинчлик шартномаси лойиҳаси бўйича музокаралар ўтказиш учун аниқ жой ва вақтни таклиф қилгани, бироқ Еревандан ижобий муносабат билдирилмаганини айтган эди.
Жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг провокацияларига жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди.
Тўқнашувларда Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
LiveБарчаси