“Оз сеҳргари”ни ўмарган одам 18 йилдан сўнг топилди
Маданият-санъат
−
17 Октябрь 2023
11735Бундан 18 йил олдин "Оз мамлакати сеҳргари" фильмида Жуди Гарленд кийган ёқут туфлилар музейдан ўғирлаб кетилганди. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган судда жиноятда гумонланган эркак ўз айбига иқрор бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар беди.
Фильмдаги пойабзаллар 2005 йилда Миннесота штатидаги Жуди Гарленд музейидан ўғирланган. Бу туфлилар Голливуднинг эсдалик буюмлари коллекционери Майкл Шоудан музей учун ижарага олинганди. Ўшанда кимдир деразадан ошиб тушган ва витринани синдириб, экспонатни ўғирлаган. Улар фақатгина 2018 йилга келиб ФҚБ томонидан қайтариб олинган. Аммо бу иш бўйича ҳеч ким ҳибсга олинмаган. Жорий йилнинг май ойида эса 76 ёшли Терри Жон Мартинга нисбатан айблов қўйилди.
Бир саҳифали айблов хулосасида терговчилар Мартинни қандай аниқлангани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Гумонланувчи аввал ҳам ўғирланган буюмлар учун судланган (1988) ва ўз жиноятига иқрор бўлгани ва пушаймонлиги учун озодликка чиқарилган.
Ўғирланган туфли ўнга яқин турли хил материаллардан, жумладан, ёғоч, ипак ип, желатин, пластмасса ва шишадан тайёрланган. Шунга қарамай, у 1 миллион АҚШ долларига суғурталанган, аммо федерал прокурорлар айблов эълон қилганда унинг ҳозирги қийматини тахминан 3,5 миллион долларга баҳолаган.
Ушбу санъат асари фильмдаги ягона қимматбаҳо туфли эмас. 1939 йилда суратга олинган ушбу машҳур фильмда Гарланд бир нечта ёқут туфли кийган. Аммо улардан фақат тўрт жуфт ҳақиқий пойабзал сақланиб қолган. Қолган уч жуфт ноёб туфлилар эса Кино санъати ва фанлари академиясида, Смитсон Америка тарихи музейида ва хусусий коллекционернинг жамланмасида сақланади.
Айбланувчининг адвокатига кўра, Миннесота штатининг бош федерал судьяси Патрик Шилцнинг ҳукмни 3 ойдан сўнг белгилаши тахмин қилинмоқда. Федерал ҳукмнинг мажбурий бўлмаган қоидаларига асосан Мартинга 10 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Леонардо да Винчининг бутун дунёга машҳур асари “Мона Лиза” ўғирланганидан сўнг машҳурликка эришган. Ушбу жиноят “аср ўғрилиги” деб аталади.
LiveБарчаси