Аср ўғирлиги. “Мона Лиза”ни ким ўмарган?
Бу қизиқ
−
23 Август 2023
17866Леонардо да Винчининг бутун дунёга машҳур асари “Мона Лиза” ўғирланганидан сўнг машҳурликка эришганини билармидингиз? QALAMPIR.UZ`нинг ушбу мақоласида оламшумул ўғирлик ҳақида билиб олишингиз мумкин.
“Мона Лиза” номи билан машҳур бўлган “La Gioconda” сурати итальян мусаввири да Винчи томонидан тахминан 1503 йилда чизилган. Сурат Жоконда исмли хонимнинг портрети эканлиги тахмин қилинади.
Суратни “Лувр”да ишлаган Винченцо Перужа исмли ходим ўғирлаган. Бу иш у учун қийинчилик туғдирмаган. Сабаби Винченцо музейда 16 аср дурдоналари учун ҳимоя корпусини яратишга ёрдам берган.
Ҳаммаси 1911 йил 20 август куни содир бўлган. Ўшанда якшанба эди. Перужа ва унинг икки шериги хавфсизликнинг заифлигидан фойдаланиб, “Лувр”даги сақлаш шкафига яширинган. Эртаси куни эрталаб улар Леонардо да Винчининг бебаҳо асарини матога ўраб, ён эшикдан хотиржамлик билан олиб чиқиб кетган.
Энг ҳайратланарлиси шундаки, асар йўқолганини фақатгина 24 соатдан кейин пайқашган. Ўшанда “Мона Лиза”нинг нусхасини чизмоқчи бўлган рассом деворда сурат ўрни бўш турганини пайқаб қолади.
Полиция одамларни сўроқ қилишни бошлаган ва “Лувр”ни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган. Оммавий ахборот воситалари эса бу воқеа ҳақида бонг урган. Музей қайта очилганда, бўш қолган девор илгакларини кўриш учун оломон ёпирилиб кела бошлаган.
Перужа эса барчаси тинчишини нақд икки йил кутган. Аммо бутун бошли “Мона Лиза”ни ўғирлашни уддалаган одам кичик хатоси туфайли қўлга тушган. У 1913 йилда суратни Италияга қайтариш мақсади борлиги ҳақида суратфуруш Алфредо Герига хат ёзган. У эса бу ҳақда полицияга хабар берган. Перужа 11 декабрда ҳибсга олинган.
Ўғри қамоқда кўп ўтирмади. Уни 7 ойдан кейин қўйиб юборишган. Сурат ҳам ўз ўрнига қайтди. Аммо ушбу “аср ўғирлиги” суратнинг шуҳратини ошириб юборди.
Тарихда кўнгилсиз ҳодисаларнинг якуни хайрли бўлганига оид мисоллар кўп. “Мона Лиза” воқеаси ҳам улардан бирига айланган.
LiveБарчаси