ОТМнинг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?
Жамият
−
20 Ноябрь 2019
6591Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизга туширилади. Бу ҳақда парламент қуйи палатасида қизғин муҳокама этилаётган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан кечаётган баҳс-мунозаралар илгари сурилди.
Маълумот ўрнида, мазкур қонун лойиҳаси даставвал парламент қуйи палатасининг барча қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки муҳокамалардан ўтказилгач, палатанинг ялпи мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.
Мазкур мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратган эди. Яъни, у янги жорий этилган Солиқ концепциясида бюджет ташкилотларига ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, хусусий сектор учун 12 фоиз этиб белгилангани таъкидлар экан, олий таълим муассасалари ҳам солиқ тўловчи сифатида ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоизида тўлаб келаётганини айтганди.
Лекин, депутатнинг фикрича, олий таълим муассасаларининг қарийб 70 фоиз, баъзиларининг эса, 95 фоиз харажатлари контракт тўловлари маблағлари ҳисобидан шаклланади. Шу сабабли, мазкур маблағлар халқ тўлаган пулдан ушланишини эътиборга олсак, олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизга туширилиши лозим. Жамият ҳам оилага ўхшайди: ҳар қандай қўли калта оила фарзанди яхши таълим олсагина оёққа туриб кетиши мумкин...
Мазкур масала Қонунчилик палатасида Молия, Олий таълим ва ўрта-махсус таълими вазирликлари ва бошқа мутасадди вазирлик ходимлари иштирокида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутат томонидан кўтарилган ана шу долзарб масала атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Бу масалани ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодексига киритиш таклифи илгари сурилди.