Ўзбекистонда ОТМга кириш тест синовларида иштирок этиш пуллик бўлади
Жамият
−
18 Февраль 2019
22316Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур қарор қабул қилингач:
мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади;
абитуриентларнинг тест синовлари ва танловда иштирок этиши учун Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказиш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади;
олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим ундирилади (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно). Ушбу йиғимлар Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади. Жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул асосда ўтказилади;
тест ўтказилган куннинг эртасига абитуриентнинг фанлар бўйича тест синовидан умумий тўплаган баллари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
абитуриентнинг синов натижаси бўйича олган бали тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)да ўқиш имконияти яратилади;
тест синовлари тўлиқ якунлангандан кейин бир хафта муддат ичида олий таълим муассасалари таълим йўналишларига танлов ўтказилади;
ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги тест топшириқлари фақат лотин алифбосида тайёрланади;
тест синовлари жараёни учун таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлардан гуруҳ назоратчилари шакллантирилади;
тест синовлари жараёнига жалб этилган иштирокчилар (Давлат тест маркази вакили, бино раҳбари ҳамда гуруҳ назоратчилари)ни иш ҳақи билан таъминлаш, тест синовлари ўтказиладиган бино ёки иншоотларнинг ижара тўловлари Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
абитуриентлар сонининг кескин ўсиши, тест материалларини сифатли тайёрлаш ва ҳимоялаш билан боғлиқ иш ҳажмининг ортиб бориши, тест синовлари ўтказиладиган соҳа йўналишларининг кўпайишини инобатга олиб, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ Давлат тест марказининг асосий штатдаги ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 2,0 бараварга оширилади;
ходимлар илмий салоҳиятини ошириш мақсадида Давлат тест марказини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки унга тенглаштирилган хорижий давлатлар) илмий даражасига эга ходимларига 30 фоиз, фан доктори (DSc) (ёки унга тенглаштирилган хорижий давлатлар) илмий даражасига эга ходимларига 40 фоиз ойлик иш хақига устамалар тўлаб берилади;
Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг 80 фоизигача бўлган миқдори Давлат тест маркази директорининг буйруғига кўра, ходимларга лавозим маошининг 200 фоизи миқдоригача (аммо, 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда) ойлик устамалар тўлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, хизмат вазифаларини виждонан ва ташаббускорлик билан бажарганлиги учун мукофот пули ҳамда уларнинг моддий рағбатлантирилишига йўналтирилади.