ОТМларда 1-курслар ўқиши октябрда бошланиши мумкин
Жамият
−
09 Июль 2020
7952Ўзбекистонда олий таълим муассасаларининг биринчи курс талабалари ўқиши анъанага кўра сентябрь ойида эмас, балки октябрь ойида бошланиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 9 июль куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган брифингда маълум қилинди.
Брифингда мамлакатдаги эпидемиологик вазият ўнгланмаса, ОТМга кириш имтиҳонлари сурилиши мумкинми, деган савол билан мурожаат қилинди. Ушбу саволга Давлат тест маркази директори Мажид Каримов қуйидагича жавоб берди:
“Бу жараённи олдиндан айтиб бўлмайди. Тест – ОТМга кириш учун ўтказиладиган синов. Юқори курсларнинг дарсини вақтлироқ бошлаш мумкин. 1-курсларни октябрда бошлаш мумкин. Республика махсус комиссияси вазиятга қараб таклифлар асосида қарор қабул қилади.
ОТМга тест синовларисиз қабул қилиниши мумкин эмас. Комиссия қарори билан якуний хулоса маълум қилинади”.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари онлайн шаклда ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. ДТМ кеча, 8 июль куни бу бўйича баёнот билан чиқиб, гап-сўзларни рад этди.
Мажид Каримов кириш имтиҳонлари қай тартибда ўтказилишига ҳам аниқлик киритди.
“Ҳозирда олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ўтказиладиган 70 та бинода тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биноларни жиҳозлаш ишлари шу йилнинг 20 июлига қадар якунлаш режалаштирилган.
Биноларда бир вақтда 840 та гуруҳ учун, яъни ижтимоий масофани сақлаган ҳолда 25 200 нафар абитуриентга жой тайёрланмоқда.
Aбитуриентлар тест синови ўтказиладиган ҳудудга дезинфекция йўлакчаси орқали, тана ҳарорати текширилиб, тиббий ниқоб ва резина қўлқопда киритилади”, дейди ДТМ директори.
LiveБарчаси