ОТБ Ўзбекистонга яна 161 млн доллар қарз беради

Жамият

image

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда сув таъминоти лойиҳалари учун 161 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йил 2 август куни қабул қилинган “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш (3-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.

Ҳужжат Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларида ҳамда Чиноз тумани марказида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ичимлик ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш, ушбу ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолатини янада яхшилаш, шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ  ўртасида “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш (3-босқич)” лойиҳасини амалга ошириш учун 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 25 йилда қайтариш шарти билан 161 млн доллар миқдоридаги қарз битими имзоланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 185,8 млн доллар, шу жумладан:

•    ОТБ қарзи –161 млн доллар;
•    лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг қўшилган қиймат солиғини қоплаш ва божхона имтиёзлари шаклида улуши – 24,8 млн доллар;
•    лойиҳани амалга ошириш даври 5 йилни (2022 – 2027 йиллар) ташкил этади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилишини, ОТБ қарзидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайдиган масъул ижро этувчи орган этиб белгиланди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда лойиҳанинг сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилиши ва ОТБ қарзи қайтарилиши учун жавобгар ҳисобланади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

•    “Тошкент вилояти шаҳар ва туманларида ичимлик ва оқова сув тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш (3-босқич)” лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари;
•    Лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банки қарзини қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлашнинг прогноз жадвали;
•    Лойиҳа доирасида Осиё тараққиёт банки қарзига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш бўйича улушлар тақсимотининг прогнози;
•    “Тошкент сув таъминоти” МЧЖни молиявий соғломлаштириш бўйича “Йўл харитаси”.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТБ

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг