Шавкат Мирзиёев ОТБ делегациясини қабул қилди
Жамият
−
03 Май 1010 2 дақиқа
Бугун, 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида ОТБ раҳбари мамлакат етакчисига банк Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши Ўзбекистонда ўтказилишини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирган.

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинган.
Ҳамкорликни юксак даражага кўтаришга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилган. Ўтган 30 йилда ОТБ Ўзбекистоннинг ҳақиқий стратегик шеригига айланган.

Лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланган.
Темир ва автомобиль йўллари, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, сув таъминоти ва канализация тармоқларини янгилаш, қишлоқ хўжалиги ва хусусий секторни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилган ва давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти ва банк раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан шериклик бўйича 2030 йилга қадар бўлган даврга мўлжалланган янги дастурга киритилган умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган.

Ипотека бозори, хусусий сектор, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни илгари суриш, рақамли инновацияларни жорий этиш ва махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинган.

Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, банкнинг маблағларни сафарбар этишдаги етакчилигини кучайтириш орқали илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Президенти ОТБ раҳбарияти ва жамоасига Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ва самарали ўтишини тилаган.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030 йилгача мўлжалланган янги шериклик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Live
Барчаси