Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан яна 100 млн доллар қарз олади
Жамият
−
06 Декабрь 2023
4154Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар миқдоридаги кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди.
Унга кўра, ОТБ дастури Ўзбекистонни юқори фоиз ставкалари ва юқори гаров талабларига эга банклар ҳукмронлик қиладиган молия секторида кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш муаммоларини ҳал этишга ёрдамлашмоқчи.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг айтишича, ушбу дастур Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш бўйича навбатдаги қадамдир.
“Ўзбекистонда оқилона умумий макроиқтисодий ёндашувга асосланган бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилар экан, кичик ва ўрта корхоналар диверсификацияланган иқтисодий ўсишни, самарадорликни ва қўшимча қийматга эга расмий бандликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди”, дейди Жуков.
Бу экспорт маҳсулотлари ва бозорларни диверсификация қилиш, шунингдек, рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш орқали кичик ва ўрта бизнесда савдо рақобатбардошлигининг ошишига ёрдам беради. Шунингдек, бозор талабларига жавоб берадиган кўникмаларни, айниқса, аёллар ва ёшларнинг иш билан таъминланишига ҳисса қўшади.
“Дастур доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар кичик ва ўрта корхоналарнинг ўсиши ва кўпайишини рағбатлантиради. Ўз навбатида бу солиқ базасининг кенгайиши ва ички ресурслардан самарали фойдаланиш дегани ҳамдир ”, дейди ОТБнинг Хусусий секторни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Приянка Соуд.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга 10,8 млрд АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.