ОТБ Ўзбекистонга муаммоли соҳалар учун қарийб $3 млрд беради
Жамият
−
03 Февраль 2022
5027Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 2022-2024 йилларда 27 та лойиҳани амалга ошириш учун жами 2,8 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда банк президенти Масацугу Асакава мамлакат Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан бўлиб ўтган онлайн конференцияда маълум қилган.
“ОТБ Ўзбекистон салоҳиятини ошириш ва янги ривожланиш стратегиясини амалга оширишда ёрдам беришда давом этади”, дейди Асакава.
Жорий йилда банк Ўзбекистонга бир қанча йўналишларда ёрдам кўрсатиш ниятида, жумладан:
• қайта тикланадиган энергетика;
• сув ресурсларига инвестициялар, шаҳарлар инфратузилмасини ва йўлларни ривожлантириш;
• давлат корхоналарини Давлат ҳусусий шериклик асосида кредитлаш;
• ипотека бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш;
• кредит кафолатлари ва лойиҳага тайёрликни молиялаштириш.
Қайд этилишича, ОТБ Ўзбекистонда 2022-2024-йилларда жами 2,8 миллиард долларлик 27 та лойиҳани амалга оширишни режалаштирган, шундан 3 таси 524 миллион долларлик лойиҳа жорий йилда амалга оширилади.
Шунингдек, банк Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлигининг бошқарув салоҳиятини ошириш учун маслаҳатчиларни тақдим этади.
Маълум қилинишича, ОТБ Навоий вилоятида ўтган йили август ойида ишга туширилган фотоэлектростанциясини қуриш учун 17,5 миллион доллар ажратган. Бундан ташқари, қуёш энергетикасини ривожлантириш дастури доирасида Сурхондарё ва Қашқадарёда қуёш электр станцияларини қуриш бўйича иккита тендер эълон қилинган.
Қолаверса, банк кўмагида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Франциянинг “Veolia” компанияси билан шаҳар иситиш тизимини бошқариш ва модернизация қилиш бўйича шартнома имзолаган.
Таъкидланишича, Сардор Умурзоқов банкдан Ўзбекистондаги йўлларни таъмирлашга хусусий секторни жалб қилишда ёрдам сўраган.
LiveБарчаси