Отабеков бутун Ўзбекистон аҳолисига таҳдид солаётган касалликдан огоҳлантирди 

Жамият 71589
image

Ўзбекистоннинг барча ҳудудидаги аҳолиси йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниши мумкин, чунки уларнинг рационида йод танқислиги мавжуд. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда аҳолиси йод танқислиги билан боғлиқ касалликларга чалиниш хавфи бўлмаган ҳудуд йўқ.

Республиканинг барча ҳудудларида олиб борилган тадқиқотларга кўра, фуқаролар томонидан кунлик ўртача йод истеъмоли сезиларли даражада камайган бўлиб, бор-йўғи 32-64 мкгни ташкил этади. Зарур бўлган минимал миқдор эса – 150-200 мкгга тенгдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда.

Йод танқислиги туғма гипотиреоз билан касалланиш даражасини оширади, ҳомила ва янги туғилган чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланишига, ақлий заифликка олиб келади. ЖССТ экспертларининг фикрича, йод танқислиги ақлий заифликнинг энг кенг тарқалган сабаби бўлиб, фақат оқилона ёндашиш орқали унинг олдини олиш мумкин. Aммо унутмаслик керакки, йод танқислиги мавжуд бўлган ҳудудларда яшовчи барча аҳолининг интеллектуал салоҳияти пасайиши бу муқаррар ҳисобланади.

Маълумотга кўра, йод танқислигига қарши кўп йиллик кураш олиб борилаётганига қарамасдан, ҳанузгача дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам йод танқислиги муаммоси тўлиқ ҳал этилмаган.

Маьлумот учун, Ўзбекистонда 102 та йодланган ош тузини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш корхона, цехлари фаолият юритади. Ўтказилган текширишлар давомида лаборатория текширувлари учун олинган ош тузи намуналаридан улар таркибида йодланганлик даражаси белгиланган меъёрларга жавоб бермаган ҳолатларда уларни қайта йодлаш учун ҳудудий санепидхизматларининг тақиқлаш тўғрисидаги қарори билан уларнинг реализацияси тўхтатилган. Жами 70,0 тонна тузни қайта йодлаш бўйича корхона раҳбарларига тегишли кўрсатмалар берилган.

Йод танқислигининг белгилари;

•  Вазн ўзгариши
•  Кайфият бузилиши
•  Бўйин соҳасида ноқулайлик
•  Сочлар ва тирноқ мўртлиги
•  Менструаль циклда бузилишлар
•  Тана ҳароратидаги ўзгаришлар
•  Тери қуруқлашиши
•  Ҳазм тизимида муаммолар
•  Юрак ритмида ўзгаришлар

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2680
Рейтинг: 3
t
×