Отабек Умаров Туркияда Эрдўғаннинг куёви ўтказаётган фестивалга борди

Олам

image

Ўзбекистон Президентининг кенжа куёви – Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари Отабек Умаров Туркиянинг Самсун шаҳрида ўтаётган “Teknofest Aero & Tech 2022” фестивалида иштирок этмоқда. У фестивалда давомида мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ҳам кўришди.

Фестивалда шахсан Туркия Республикаси Президентининг куёви – “Bayraktar” учувчисиз ҳаво воситаларининг муаллифи Селчук Байроқдор таклифига кўра иштирок этаётган Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ижтимой тармоқдаги саҳифасида Эрдўған ва Умаров ёнма-ён тургани акс этган суратни эълон қилди.

“Teknofest’да Туркия Президенти, жаноб Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам иштирок этиб, фестиваль ғолибларини тақдирлади. Teknofest’да минглаб ёшлар ўз ихтиролари билан иштирок этдилар, айниқса ҳамюртларимиз иштирокидан жуда фахрландик”, дейди Саъдуллаев сурат изоҳида.

Аввалроқ Ёшлар ишлари агентлиги директори Селчук Байроқдор томонидан фестивалга таклиф қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, “Bayraktar” ишлаб чиқарувчиси Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қудаси саналади. Учоқларнинг асл муаллифи унинг куёви Селчук Байроқдор. 

Bayraktar дрони

“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.

Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.

Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Отабек Умаров Алишер Саъдуллаев

Баҳолаганлар

348

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг