Отабек Умаров Мурод Хонтўраев вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Спорт

image

Президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров “Осиё айиғи” Мурод Хонтўраевнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. 

“Бугун, муқаддас айём арафасида ўзбек спорти оғир жудоликка дуч келди: дўстимиз Мурод Хонтўраев бевақт вафот этди. Яқинлари ўғлидан, турмуш ўртоғидан, отасидан айрилишди. Жангчилар устозсиз қолишди, ММА Ассоциацияси етакчилардан бирини йўқотди”, деб гап бошлайди Отабек Умаров.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Умаров таъзияномасида Мурод Хонтўраевга баҳо бераркан, унинг мардлик ва қатият намунаси бўлганини урғулайди:

“Миллионлаб одамларнинг қалбларидаги каби менинг қалбимда ҳам сен мардлик ва қатъиятлик намунаси бўлиб абадий қоласан. Оз вақт яшадинг, лекин кўпларни илҳомлантиришга муваффақ бўлдинг. Қодир Аллоҳ сабринг учун мукофотласин, биродарим. Жойинг жаннатда бўлсин, чемпион!”

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти, 34 яшар Мурод Хонтўраев кеча, 19 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этди. 

ЙТҲ 19 июль куни соат 11:30 ларда Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4R-12 автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган. Бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган Lacetti ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокида тўқнашув содир бўлган. Тўқнашув оқибатида BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Оқибатда BMW X5 русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Умаров Мурод Хонтўраев

Баҳолаганлар

1235

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг