Осмонга сочилган юлдузлар — “Пахтакор-79” авиаҳалокатига 42 йил тўлди
Спорт
−
11 Август 2021
8831XX асрнинг иккинчи ярмида юзлаб самолёт ҳалокатга учради. Бунинг натижасида кўплаб инсонлар ҳалок бўлди. 42 йилдан буён авиаҳалокат ҳақида эшитган заҳоти, ўзбек футбол мухлислари, энг аввало, “Пахтакор-79” жамоасини ёдга олади.
11 август ўзбек футболи тарихига абадий муҳрланиб қолади
Украинанинг Днепродзержинск вилоятида (ҳозирги Каменское) сув сатҳидан 8400 м баландликда “Аэрофлот” компаниясининг иккита ТУ-134 А (7628 Челябинск-Воронеж-Кишинёв ва 7880 Тошкент-Гурев-Донецк-Минск йўналишидаги) самолётлари тўқнашди. Ҳодиса оқибатида 178 киши вафот этган.
Қурбонлар сони бўйича бу самолёт ҳалокати Собиқ Иттифоқ тарихида биринчи, дунёда иккинчи, самолётларнинг тўқнашуви бўйича учинчи ўринда туради. Ҳалок бўлганлар орасида “Пахтакор” жамоасинининг 17 нафар футболчилари ҳам бор эди, шунинг учун ушбу воқеа ўзига хос резонансни келтириб чиқарган. Мутахассилар фикрига кўра, фожиадан кейин “Пахтакор” жамоаси ўша даврдаги маҳорат даражасига қайта кўтарила олмаган.
Жамоанинг ўйинларини шарҳлаган Ахбор Имомхўжаев авиҳалокатни ҳаётидаги энг катта фожиа сифатида қабул қилган. Чунки ўша “Пахтакор”нинг ҳар бир аъзоси Ахбор Имомхўжаев учун дўст, ака-ука, қадрдон бўлиб қолган. Орадан 42 йил ўтган бўлса-да, ёзган китобларининг барчасида ҳалок бўлган футболчиларни эслаб ўтади ва китобхонларга таништиради.
“12 август куни тонгги соат тўртларда уйимиз олдига Ўзбекистон Спорт қўмитасининг навбатчилик машинаси келиб тўхтади. Сиз зудлик билан Спорт қўмитасига борар экансиз, дейишди. Йўлда юрагим алланечук бўлиб кетаверди, менга қисқагина қилиб, “ҳалокат”, деб жавоб беришди…
Бинога кўп одам тўпланганди – ким қаттиқ ҳаяжонда, ким жиддий ва ташвишли, ҳамма ниманидир куйиб-пишиб муҳокама қиларди. Хоналарда телефонлар бетўхтов жирингларди. Мен Ўзбекистон ҳакамлар коллегияси раиси Виктор Вишинскийдан нима гаплигини аниқроқ айтишини илтимос қилдим. У Минск йўлида икки самолёт бир-бирига тўқнашгани, улардан бирида “Пахтакор”нинг асосий таркиби учиб кетаётганини сўзлаб берди. Кўз олдим қоронғилашиб, карахт бўлиб қолдим. Илгари бу борада гапириш ёки ёзиш ман этилган эди, аммо фожиа муқаддас Рамазон ойида рўй берганди”, дейди Ахбор Имомхўжаев.
Таниқли шарҳловчи Мирзаҳаким Тўхтамирзаев QALAMPIR.UZ нашрига берган интервьюсида “Пахтакор-79” жамоаси ҳақида фикр билдирган эди.
“Барча соҳада авлодлар алмашинуви бор гап. Бизнинг давримиздаги одамлар ҳалигача 60-йиллардаги футболни соғинч билан эслайдилар. Геннадий Кроснидскийнинг майдон марказидан берган зарбалари, барчаси голга айланмагандир, лекин у зарба бераётган пайтда дарвозабонлар зир титраганини телевизор орқали кўрганмиз. Биродар Абдураимовнинг бурчак зарбаларидан бевосита голлар уришини соғинадилар. “Пахтакор” 1962 йили чемпионатда 6-ўринни эгаллаган, 1967 йилда кубок финалига чиққан. Бу жамоа тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади.
1968 йилда жамоа ўрта поғоналарни эгаллаган бўлса ҳам, Биродар Абдураимов 22 гол билан энг сермаҳсул тўпурар бўлган. Уни дарров ЦСКА сафига олиб кетишган. Кучли жамоалар билан ўйинларда дарвозасини ишончли қўриқлагани учун Юрий Пшеничниковни Москвага олиб боришган ва СССР терма жамоасига жалб қилинган. Аксарият футболчилар куч билан марказга олиб кетилган. Фақатгина Владимир Фёдоров 1976 йилда “Пахтакор” сафида қолган”, дейди Мирзаҳаким Тўхтамирзаев.
Гарчи жамоа совринли ўринларни қўлга киритмаган бўлса-да, ўйин бўладиган кун ҳақиқий байрамга айланган. Мухлислар доимо футболчиларни қўллаб-қувватлаган, мағлубиятга учралганида эса, ота мерос тошойналар синдирилган.
Ўзбек футболи Идгай Тазетдинов, Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Олим Ашуров, Равиль Агишев, Константин Баканов, Юрий Загуменних, Александр Корченов, Николай Куликов, Владимир Макаров, Сергей Покатилов, Виктор Чуркин, Сирожиддин Бозоров, Шухрат Эшбўтаев, Владимир Собиров, Владимир Чумаков ва Мансур Толибжонов каби қаҳрамонларини ҳеч қачон унутмайди.
LiveБарчаси