“Оскар”дан сўнг таъна-дашномлар остида қолган Уилл Смит катта экранларга қайтди

Маданият-санъат

image

Америкалик актёр Уилл Смит ижросидаги “Озодлик” фильми кеча, 9 декабрь куни “Apple TV+” платформасида намойиш этилди. Эътиборлиси, ушбу фильм 2022 йил ҳисобидан актёр иштирокидаги дастлабки кино лойиҳа бўлди.

Омманинг нафратига учраган актёрни янги фильмларга жалб этиш режиссёр ва продюсерлар учун катта таваккал эди. Етмаганига 2022 йилнинг май ойида премьераси кутилган “Озодлик” фильмининг тақдимот санаси ҳам ортга сурилган эди. Ниҳоят шов-шувлар бироз тарқаганидан сўнг картина 9 декабрь куни “Apple TV+” платформасида тақдим этилди. Эътиборлиси, Apple компанияси фильмни намойиш этиш ҳуқуқи учун Warner Bros. ва Universal Pictures каби гигант компаниялар билан рақобатда ютиб чиққан. Бу лойиҳа Apple учун 130 миллион АҚШ долларига тушган.

Реал воқеаларга асосланган кинофильм 1863 йилда АҚШнинг Луизиана штатидаги плантациядан азобларга чидолмасдан қочиб кетган афроамерикалик Гордон исмли қулнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. “Озодлик” кинофильмида ушбу қаҳрамон номи Питер бўлиб, унинг қиёфасини актёр Уилл Смит гавдалантирган.

Шунингдек, фильмда Бен Фостер, Чармейн Бингва, Гилберт Овуор ва Мустафо Шокир каби актёрлар роль ижро этган. Картина режиссёри – Антуан Фукуа.

Аввалроқ, жорий йилнинг 27 март куни “Оскар” мукофотини топшириш маросимида Уилл Смит унинг бемор рафиқаси, актриса Жада Пинкетт-Смитнинг устидан кулган бошловчи Крис Рокка саҳнада тарсаки туширган эди. Шундан сўнг актёр жамоатчиликнинг танқидига дучор бўлиши оқибатида, Америка кино академиясидан кетган ва 10 йил давомида “Оскар” тақдимотида қатнашолмаслиги маълум қилинган эди.

Маълумот ўрнида, Уилл Смит 1968 йилнинг 25 сентябрь куни АҚШнинг Филадельфия шаҳрида туғилган. 1986 йилдан ижодий фаолиятини бошлаган Смит ўзини актёр, продюсер, режиссёр ва рэпер сифатида синаб кўрган. “Оскар” мукофотининг айнан шов-шувларга сабаб бўлган 2022 йилги тақдирлаш маросимида актёр “Қирол Ричард” драмасидаги роли учун “Энг яхши актёр” номинациясида ғолиб деб топилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озодлик Оскар Уилл Смит

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг