Осиё давлатлари НАТОнинг минтақада уруш бошлашига йўл қўймайди – Хитой
Олам
−
06 Июнь 2023
9521Хитой ва бошқа Осиё давлатлари минтақада ҳар қандай ҳарбий блоклар тузилишига қарши ва бу ерда “совуқ ёки иссиқ уруш” бошланишига йўл қўймайди. Бу ҳақда бугун, 6 июнь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Венбин Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Токиода Шимолий Атлантика альянси ваколатхонаси очилишига қарши позициясини изоҳлар экан, айтиб ўтди.
“Осиё минтақасидаги аксарият давлатлар ҳеч қандай ҳарбий блоклар тузишни, НАТОнинг Осиёга чўзилишини қўллаб-қувватламайди ва минтақада блоклар қарама-қаршилиги тизимини нусхалашни номақбул деб ҳисоблайди ҳамда минтақада совуқ ёки иссиқ уруш қўзғатилишига йўл қўймайди”, дейди Хитой ТИВ расмий вакили.
Шунингдек, Ван Венбин Токио минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказадиган ҳаракатлардан қочиши кераклигини таъкидлаган.
Айтиш жоизки, Японияда НАТО ваколатхонасининг очилишига альянснинг барча аъзолари бир овоздан рози бўлиши талаб қилинади. Шунинг учун Франция 2007 йилдан бери муҳокама қилинаётган бу ҳаракатни тўсиш имкониятига эга. Жорий йилнинг 11-12 июль кунлари Литвада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида мазкур масала кўриб чиқилиши нмумкин. Унда НАТОга аъзо бўлмаган Япониянинг Бош вазири Фумио Кисида шахсан қатнашиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Токиода офис очиш ниятида эканлигини тасдиқлаганди. Олдинроқ Хитой Японияни шу масалада огоҳлантирди. Япония томони эса бу масала ҳали ҳам муҳокама қилинаётганини қайд этди.
LiveБарчаси