Хитой Японияни огоҳлантирди
Олам
−
26 Май 2023
18527Шимолий Атлантика альянсининг шарқ томон кенгайишига қарши бўлган Хитой ҳукумати Японияга тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи ҳарбий бирлашмаларга эргашмасликни, тинч ривожланиш йўлидан боришни маслаҳат берди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.
“Биз Япония Бош вазири Фумио Кисида НАТО саммитида иштирок этмоқчилиги ҳақидаги хабарларга эътибор қаратдик. Осиё-Тинч океани минтақаси географик жиҳатдан Атлантикага тегишли эмас. Альянснинг шарққа томон олдинга силжиши, шубҳасиз, минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади”, деган у брифингда.
Шунингдек, у Осиё-Тинч океани минтақаси давлатлари ва халқлари бу масалада ўта ҳушёр бўлишини, ҳар қандай ҳарбий бирлашмаларнинг бўлиниш ва қарама-қаршиликни қўзғатувчи баёнотлари ва ҳаракатларига қарши чиқишини қайд этган.
Мао Нингнинг қўшимча қилдики, Япония тарих сабоқларини ёдда тутиши ва тараққиётнинг тинч йўлидан бориши керак.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТО Токиода ваколатхонасини очишни режалаштираётгани айтилганди. Япония ҳукумати раҳбари Фумио Кисида эса Токио Шимолий Атлантика альянсига қўшилишни режалаштирмаётганини билдирганди. Бироқ ҳозирда Кисиданинг жорий йилнинг июль ойида Литвада бўлиб ўтадиган НАТО саммитида иштирок этиши кўриб чиқилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь