Ортиқхўжаев ўз даврида Тошкент иқтисодиёти 2 баравар ўсганини айтди. Аслида ҳам шундайми?

Жамият 10611
image
-

Жорий йилнинг, 2 июнь куни, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Американинг Crow Holdings компанияси мутасаддилари билан учрашди. Учрашув давомида Ортиқхўжаев сўнгги 3 йилда, яъни ўзининг ҳокимлик даврида пойтахт иқтисоди 2 баравар ўсганини айтиб ўтди.

“Тошкент шаҳар ҳокими америкалик тадбиркор ва олимларни пойтахтимизда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, меҳмонларга Тошкентнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари, салоҳият ва имконияти ҳақида маълумот берди. Жумладан, шаҳар иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар юксалганини алоҳида қайд этиб ўтди, дейилади ҳокимлик хабарида.

Шу билан бирга ҳоким охирги 3 йилда пойахтда 22 та ер усти ҳамда 4 та ер ости метро бекатлари қурилгани, айни пайтда таълимни ривожлантиришга, жумладан, хусусий таълимнинг ҳиссасини оширишга ҳам катта эътибор қаратилаётганлигини, физика, математика, кимё, биология, география фанлари қатори инглиз тилини яхши ўзлаштирган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари учун ҳоким стипендияси ва мукофот пули жорий қилинганини таъкидлаган.

Аммо ҳоким 3 йиллик фаолияти ҳақида маълумот бериб, рақамларни ошириб юборгани аён бўлди. Давлат статистика қўмитасининг сўнгги маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2018 йилда 64,5 триллион сўмни ташкил этган (ўсиш – 11,1 фоиз), 2019 йилда 86,1 триллион сўм (ўсиш 8,4 фоиз), 2020 йилда эса 97,5 триллион сўм (ўсиш 1,8 фоиз). Статистик маълумотлар пойтахт ЯҲМнинг ўсиши суръати 3 йилда 22,6 фоизни ташкил этганини кўрсатмоқда.

Шунингдек, Тошкентда сўнгги 3 йилда Ортиқхўжаев айтганидек, 22 та ер усти ҳамда 4 та ер ости метро бекатлари қурилмаган. Пойтахтда бу вақт оралиғида 12 та ерости ва 2 та ерусти метро бекатлари қурилди. Ҳоким метро қурилишига доир маълумотларни қарийб 2 баравар ошириб юборган.

Тошкентшаҳар ҳокимлиги статистик маълумотларнинг ошириб айтилгани бўйича ҳозирча ҳеч қандай расмий маълумот бермади.

Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил 26 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланган. QALAMPIR.UZ'да Ортиқхўжаевнинг 3 йиллик фаолиятига доир мақола эълон қилинганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 270
Рейтинг: 3
t
×