Ортиқхўжаев 10 минг талабанинг муаммосини ечиш йўлини айтди

Жамият

image

Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида бир ҳафтада давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 10 минг ўринли талабалар турар жойи ташкил этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бугун, 9 сентябрь куни сектор раҳбарлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда пойтахтдаги олий таълим муассасалари ректорлари иштирокидаги йиғилишда айтиб ўтди.

Йиғилишда бугунги кунда долзарб масала бўлиб турган талабаларни турар жой билан таъминлаш, улар учун ётоқ ўринларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 35636 ўринни ташкил этади. Бугунги кунда 27354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилган. Ишлар жадаллик билан давом этмоқда. Бундан ташқари, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида яна 30 956 ўринли 60 та лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтнинг Яшнобод туманида янги бунёд этилган “Ташкент индекс” савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берган. Мазкур таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланган. 

Йиғилиш сўнгида олий таълим муассасалари масъулларига зудлик билан мавжуд эҳтиёж бўйича маълумотларни шакллантириш вазифаси берилган.

Қайд этиш керакки, ОТМларда янги ўқув йили бошланиши билан Тошкент ўрин-кўрпасини қўлтиқлаган талабаларга тўлиб тошди. Бу муаммо кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов муҳокамалар ортидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳозирча 47 фоиз талаба турар жой билан таъминланганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ талаба Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Баҳолаганлар

466

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг