Омбудсман иш вақтида вафот этган банк ходими учун компенсация ундириб берди
Жамият
−
15 Февраль 2021
8428Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро О.Т.нинг мурожаатига кўра, иш жараёнида вафот этган аёли учун компенсация ундирилишига эришди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, “Халқ банки”нинг собиқ кассири, марҳума М.Т. 1989 йилда туғилган бўлиб, унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган. Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ҳамда карантин муносабати билан сайёр касса хизматини кўрсатиш мақсадида АТ “Халқ банки”нинг Жиззах филиали 2020 йилнинг 21 август кунги буйруқ билан марҳума М.Т. ҳамда 20 дан ортиқ ходимлар 22-23 август кунлари ишга жалб қилинган. Ўтган 2020 йилнинг 22 август яъни шанба куни эса собиқ банк ходимаси ишга кетаётган вақтида автоҳалокат туфайли воқеа жойида вафот этган.
Бир неча ойдан сўнг, марҳуманинг турмуш ўртоғи Жиззах вилояти Бандлик Бош бошқармасига рафиқасининг иш вақтида бевақт вафот этганлиги сабабли иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа миқдорининг ундирилишини сўраб мурожаат қилган. Лекин, суғурта компанияси ходимнинг ишга келган вақти иш куни бўлмаганини важ қилиб, суғурта қопламасини тўлаб беришдан бош тортган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларга чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари”га кўра, иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек иш берувчи берган транспортда ходимнинг соғлиғига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун иш берувчи моддий жавобгар бўлади.
Қайд этилишича, Омбудсман содир бўлган мазкур бахтсиз ҳодисага меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва компенсация ундирилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилган.
Мурожаат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, содир бўлган бахтсиз ҳодиса меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ деб топилган ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси киритилган.
Ниҳоят, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, марҳуманинг турмуш ўртоғи О.Т. фойдасига “Халқ банки” Жиззах филиалидан сал кам 218 млн сўм бир йўла тўланиши лозим бўлган нафақа ҳамда 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун 16 ёшга тўлгунигача ҳар ойда 756 минг сўмдан зарар ундирилиши белгиланган. Агарда болалар кундузги ўқишни давом эттирсалар, ҳар ойлик сумма, улар 18 ёшга киргунларига қадар ундирилади.
LiveБарчаси