Татаристонда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг оилаларига 2 млн рублдан берилади

Олам

image

Аввалроқ, Татаристонда Украина ҳужумлари оқибатида 13 киши, жумладан, 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодисада ҳалок бўлганларнинг оилаларига 2 млн рублдан берилади. Бу ҳақда Нижнекамск мэри Радмир Беляев маълум қилди.

Унинг айтишича, Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг қарори билан ҳалок бўлганларнинг оилаларига 2 миллион рубль миқдорида тўлов назарда тутилган. Жабрланганларга эса жароҳатнинг оғирлик даражасига қараб 300 минг рублдан 600 минг рублгача тўланади.

Бундан ташқари, қисман ва тўлиқ йўқотилган мол-мулк учун ҳам тўлов назарда тутилган: биринчи даражали зарурий мол-мулк тўлиқ йўқотилганда – 156,7 минг рубль, қисман йўқотилганда – 78,4 минг рубль. Молиялаштириш Татаристон Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳужум оқибатида ҳалок бўлган қизчанинг онаси ишлайдиган корхона оилага 2 миллион рубль миқдорида қўшимча ёрдам кўрсатади. Шунингдек, муниципалитет бюджетидан оила учун яна 1 миллион рубль ажратилган.

QALAMPIR.UZ’нинг Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиб, аниқлик киритишича, компенсация пуллари ўзбекистонлик марҳумларнинг ҳам оилаларига ажратилади.

Охирги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 78 киши шифокорларга мурожаат қилган, улардан 27 нафари шифохонага ётқизилган. Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.

Маълумотларга кўра, жабрланглар орасида 2 нафар Тожикистон фуқароси ва 1 нафар туркиялик шахс бор. Туркиялик бемор ҳолидан мамлакат делегацияси хабар олган ва ватандошини қутқариб қолишгани учун шифокорларга миннатдорлик билдирган.

“Дипломатлар аввалига бош шифокорга шаҳардаги фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдиришди, сўнг халатларни кийиб, хирургия бўлимига ўтишди. Ватандош билан учрашув жуда иссиқ муҳитда ўтди, беморга ҳамюртлари томонидан кўрсатилган бундай эътибор жуда ёқди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ҳодисадан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ ташкил этилган Ҳукумат комиссияси доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа масъул идоралар томонидан ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чоралар кўрилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг